Халқимизда “ота билимли бўлса фарзанд билимли бўлади, она билимли бўлса, миллат билимли бўлади”, деган гап бор. Оила бошлиғи, таъминотчиси саналадиган эркакларнинг ишбилармон бўлгани таҳсинга сазовор, аммо эркакнинг топиб-тутиб келганини ўрнига қўядиган аёл оқила, тадбиркор бўлса-чи? Энди бу оилада чинакам фаровонлик ҳукмрон деганидир.
Бугун сизларга фаолияти билан таништирмоқчи бўлган уддабурон, тадбирли ва шижоатга тўла суҳбатдошимиз Фурқат маҳалласилик тадбиркор аёл Гулнора Матмусаевадир. Унинг амалга ошираётган ишлари билан танишиш жараёнида аёлнинг ишбилармон бўлиши нафақат оиласи, балки жамиятнинг ривожи учун қанчалик муҳим роль ўйнашига яна бир карра амин бўлдик.
Ёшлигидан тарбиячи бўлишни жуда истаган Гулнора дастлаб ўқув юртида мусиқа раҳбари йўналишида таълим олади. Сўнг эса боғча тарбиячиси мутахассислигига ҳам эга бўлиб туманимиздаги турли мактабгача таълим муассасаларида мусиқа раҳбари, сўнг эса рус тили тарбиячиси сифатида фаолият юритди. Бир неча йил Марғилон шаҳридаги 33-мактабгача таълим муассасасида ҳам ишлаб ўз тажриба ва билимларини янада оширди.
Давлатимиз раҳбарининг хусусий боғчаларни ташкиллаш ҳақидаги кўрсатмалари ва 14 йиллик иш тажрибаси Гулнорада ўзининг ҳусусий боғчасини очиш иштиёқини уйғотди. 2021 йилда 22 нафар тарбияланувчи ва 3 та иш ўрни билан “Малика” оилавий хусусий мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини йўлга қўйди.
Бугунга келиб 3 та гуруҳда 75 нафар болажонларга 12 нафар ходимлар таълим-тарбия бериб уларнинг соғлом таомланишлари учун тинимсиз ҳаракатдалар. Рус тилига ихтисослаштирилган муассасада болажонларга бадиий гимнастика, инглиз тили машғулотлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Катта тайёрлов гуруҳларида эса немис тили фани ҳам ўқитилиши йўлга қўйилган. Барча машғулотлар замонавий педагогик ва ахборот технологиялари асосида олиб борилмоқда.
– Талаб ва таклифлардан келиб чиқиб муассасамизни янада кенгайтириш, тарбияланувчилар сонини кўпайтириш орқали яна янги иш ўринларини яратиш ниятидамиз. Ўтган йили тижорат банкидан 100 миллион сўм имтиёзли кредит олиб тадбирлар зали ва катта ошхонани қуриб битказдик. Уларни зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминладик. Эндиликда болалар майдончасига эга ёзги айвонча қуриш ва иссиқлик тизимимизни янгилашни режалаштиряпмиз, – дейди тадбиркор Г. Матмусаева.
Муассаса ривожи учун тиним билмай ҳаракатда бўлган суҳбатдошимиз таълим ва тарбияга алоҳида эътибор қаратиб машғулотларга ўз ишининг мутахассисларини жалб қилган. Ўзи ҳам улар билан тенгма-тенг ҳаракатда. Машғулотлар болажонларга қизиқарли бўлиши учун турли эртаклар ва бошқа қўлланмалардан кенг фойдаланилади.
– Олинган имтиёзли кредит ҳисобига янги қурилган ошхонамизда барча шарт-шароитлар яратилганлиги боис давлат стандартлари асосида белгиланган барча пишириқларни болажонларимизга тайёрлаб бермоқдамиз. Қолаверса бу имкониятлардан оқилона фойдаланиш мақсадида иккита янги иш ўрни яратиб турли ширинликлар пишириб уларнинг савдосини ҳам йўлга қўйдик. Бунинг ортидан келаётган даромад эвазига моддий техник баъзамизни янада яхшилаш ниятидамиз, – дейди тадбиркор Г. Матмусаева.
Ҳуснидахон ЯКУБОВА,
“Тошлоқ тонги” мухбири.

About The Author