«Омбудсман мактаби» платформаси доирасида давра суҳбати ўтказилди
Фарғона вилояти кутубхонасининг мажлислар залида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ташаббуси билан вилоят ИИБ ҳамкорлигида «Омбудсман мактаби» платформаси доирасида «Низоларсиз ҳаёт: мулоқот маданияти ва шукроналик» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда пробация ҳисобига олинган, зўравонлик содир этган 25 нафар шахс иштирок этди.
Тадбирда вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Пробация бошқармаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Давра суҳбати давомида иштирокчиларга оиладаги низоларнинг олдини олиш, зўравонликка йўл қўймаслик, ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган тушунтиришлар берилди.
Жумладан, вилоят ИИБ вакили Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 мартдаги «Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида»ги ПФ-33-сон Фармонининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида маълумот берди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси масъул ходими оилавий зўравонликнинг олдини олишда ижтимоий хизматларнинг ўрни ва аҳамиятини тушунтирди. Миграция агентлигининг вилоят ҳудудий филиали бош мутахассиси фуқароларнинг меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва уларни хорижга уюшган ҳолда ишга юбориш тартиби ҳақида тўхталди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси психология гуруҳи бош мутахассиси эса зарарли одатларга қарши курашиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тадбирда сўзга чиққан Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади. Шунингдек, қонунчиликка киритилган ўзгартишлар асосида оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилганига эътибор қаратди.
— Бундай учрашувлардан мақсад фақат кимнидир айблаш эмас, балки оилада ёки жамиятда юзага келган тушунмовчиликлар, низолар ва зўравонлик ҳолатларининг туб сабабларини англаш, уларни бартараф этиш ҳамда қонунбузарликнинг оғир оқибатларининг олдини олишдан иборат. Зўравонлик ҳеч қачон муаммонинг ечими бўла олмайди. Аксинча, у оилани пароканда қилиши, фарзандлар келажагига салбий таъсир кўрсатиши ва инсонни жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин, — деди Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили.
Учрашув давомида иштирокчиларга шукроналик туйғусининг инсон ҳаётидаги аҳамиятини очиб берувчи видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, пробация ҳисобида турган ҳар бир шахс билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, уларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ходими Ислом динида оила саодати, эр-хотин ўртасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр-муҳаббат ва масъулият, шунингдек, исломий қадриятларга амал қилишнинг мустаҳкам оила барпо этишдаги аҳамияти ҳақида тушунчалар берди.
Тадбир савол-жавоблар ва эркин мулоқот руҳида ўтди. Унда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, оилавий муносабатларда сабр-тоқат, ўзаро ҳурмат ва муаммоларни тинч йўл билан ҳал этиш муҳимлигини яна бир бор англадилар.
А. Камилов,
Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили

About The Author