Халқимизда ерга, деҳқончиликка меҳр бўлакча. Шу боис бугун кўпчилик хонадон эгалари ердан унумли фойдаланиб, даромад топиб, рўзғорини бут, дастурхонини тўкин қилмоқда. Бу эса ўз навбатида аҳолининг томорқага бўлган муносабатини тубдан ўзгартиряпти.
– Маҳалламизда етакчи тармоқ иссиқхоначиликдир. Деярли ҳар уч хонадоннинг бирида иссиқхона ташкил қилинган. Уларда асосан лимон, помидор, бодринг, булғор қалампири ва турли кўчатлар етиштирилиб хонадон эгаларининг доимий бандлиги таъминланган, – дейди Чуқурқишлоқ маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Муҳиддин Ҳожиматов. — Албатта бу аввало оилалар учун қўшимча даромад, фаровонлик манбаи бўлгани ҳолда бозорларимиз тўкинлигини ҳам таъминламоқда.
Чуқурқишлоқлик Инобатхон ая Олимова 74 ёшда бўлсада ёшларга хос ғайрат-шижоат билан томорқасида меҳнат қилади. Эллик йилдан ортиқ шу юмушни маҳкам тутиб асло камлик кўрмади. Фарзандларини ўқитди, уй-жойлик қилди. Бугун ўғли Умиджон келини Сайёрахонлар томорқа ишида онахоннинг ҳунарини олишган. Улар ҳозирда томорқасидаги иккита иссиқхонада қишнинг чилласида сепилган помидор, қалампир, бақлажон, булғор қалампири уруғларидан кўчат ундириб уларни парваришлаб келмоқдалар. Иссиқхоналарда апрель ойига 50-60 минг туп кўчат сотувга тайёр бўлади. Улардан бўшаган ерларга аввал помидор, ундан сўнг эса макка экиб парваришланади. Иссиқхона термос усулида бўлиб, ёқилғи талаб қилмайди. Фақат униб-ўсаётган кўчатлар парваришини оби-тобида олиб борилса бас. Буни уддалаган томорқачилар ҳар мавсумда 30-40 миллион сўм атрофида даромад олишга эришиб келаётир.
Бир сўз билан айтганда хонадон томорқасида ёзин-қишин иш қизғин. Оиланинг ҳеч бир аъзоси бекор қолмайди. Барчага бирдек иссиқхонада иш топилади. Албатта шунга яраша даромад, оиланинг тўкинчилиги ҳам таъминланган. Оила боши Инобатхон ая набираларига доимо меҳнат қилган кишининг умри узун, ризқи улуғ бўлади дея таъкидлашдан чарчамайди.
Ҳуснидахон ЯКУБОВА,
“Тошлоқ тонги” мухбири.