Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва жисмоний фаолликни ошириш мақсадида юртимизда турли спорт тадбирлари кенг кўламда амалга оширилмоқда. Айниқса, Президентнинг «Беш ташаббус» доирасида спорт турларини оммалаштиришга қаратилган ишлар ёшлар ўртасида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Шу йўналишдаги ташаббуслардан бири сифатида, жорий йил май ойида Тошлоқ туманида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги кубоги учун волейбол бўйича мусобақа бўлиб ўтди.
Ушбу беллашувда туман ҳудудидаги турли ташкилотлар ва муассасаларнинг жамоалари иштирок этиб, спорт маҳоратларини намоён қилишди.
Тантанали тақдирлаш маросимида ғолиб жамоалар ва фаол иштирокчилар Ички ишлар органлари томонидан дипломлар, эсдалик совғалари ва кубоклар билан тақдирланди.
Бу каби спорт тадбирлари нафақат ёшларни соғлом ҳаётга ундайди, балки жамоалар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиради, ватанпарварлик туйғуларини оширади ҳамда жисмоний тарбияни оммалаштиришга хизмат қилади.