Туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Тошлоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Н.У. хонадонига электр таъминоти корхонаси томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланаётганлиги ва мазкур қарздорликни бартараф этилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб ёзган мурожаат ўрганилди.
Мазкур мурожаатни ўрганиш натижалари, яъни хонадондаги мавжуд ДДС 28-У русумли ҳисоблагич 28.10.2023 кунида Марғилон шаҳар электр таъминоти корхонаси ходими А. томонидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган ҳолда, 1507 кВт/соат кўрсаткич билан ечиб олинганлиги, ўрнига янги электрон ҳисоблагич ўрнатилганлиги, лекин корхонада ушбу кўрсаткич 01.01.2024 йил санаси билан ПК-электрон дастурига 3244 кВт/соат ҳолатида киритилганлиги, оқибатда 1737 кВт/соатга асоссиз қарздорлик юзага келганлиги ҳақида тўпланган ҳужжатлар шаҳар электр таъминоти корхонасига киритилди. Бироқ корхонадан истеъмолчи хонадонидаги ҳисоблагич кўрсаткичи ечиб олиш пайтида 1507 кВт/соатни кўрсатган бўлса-да, электрон базада ушбу кўрсаткич 3244 кВт/соат бўлган, хонадондаги эски ҳисоблагич кўрсаткичлари инсон аралашуви билан орқага қайтарилган мазмунида жавоб олинди.
Шундан сўнг ўрганишда тўпланган ҳужжатлар, мазкур жавоб хатини ҳам қўшган ҳолда, «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖга киритилди. Ҳудудий корхона масъуллари томонидан туман жамияти киритган ҳужжатлар ўрганиб чиқилиб, юзага келган қарздорлик ҳақиқатан ҳам кўрсаткичларни нотўғри киритилиши, бунга эса нотўғри расмийлаштирилган далолатнома асос бўлгани тўғрисидаги важлар исботини топганлигини, бунинг натижасида эса, истеъмолчи зиммасига юклатилган 1 535 652 сўм қарздорлик бартараф қилингани ва истеъмолчининг 550 000 сўм ҳақдорлиги мавжудлиги маълум қилинди.

Шоҳистахон Рахимова,
туман жамияти мутахассиси.

About The Author