Бугунги кунда тадбиркорлик замон талабига айланиб ишбилармонлар сафи ортиб бормоқда. Давлатимиз томонидан уларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар, қўллаб-қувватлаш натижасида кўплаб ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланиб ишсиз фуқаролар бандлиги ҳам таъминланмоқда.
Пиёзчилик маҳалла фуқаролар йиғинида Илёсбек Исақов ҳудуддаги моҳир ҳунармандларни бир жойга жамлаб “Ҳусниябону” чевархонасини ташкиллади. Ишлаб чиқариш биноси учун 4 та контейнер ўрнатиб унда косибчилик ва чевархона учун зарур шароитлар яратилиб замонавий тикув машиналари келтириб ўрнатилди.
—Излаган имкон топар деб бежизга айтишмайди. Контейнерлардан фойдаланган ҳолда чевархона ва косибчиликни ташкилладик. Чеварлар учун 15 та, косибчилик учун ҳам шунча замонавий тикув машиналари ўрнатдик. Ишга таклиф қилган кунимизнинг ўзидаёқ 20 дан ортиқ ишчилар қабул қилинди. Ҳозирда уларга ишлаш учун шароитлар яратиш баробарида бепул тушлик ҳам ташкиллаганмиз. Уларга ишбай усулида кунига 100-150 минг сўмгача иш ҳақлари берилмоқда,—дейди тадбиркор Илёсбек Исақов.
—Чевархонага моҳир чеварлар жалб қилингани сабабли бу жойда тикилаётган миллий либослар тошкентлик ва воҳалик буюртмачиларнинг ҳам назарига тушган. Мижозларимиз бежиримлиги, ўзига хос миллийлигимиз уфуриб турадиган бу либосларни асосан юртимизга ташриф буюраётган хорижлик сайёҳларга тортиқ қиладилар. Буюртмачиларнинг чизмалари асосида тикилаётган адрас, атлас матосидаги миллий чопонларни ўзлари келиб олиб кетишмоқда.
—Косибчиликдаги ишлар ҳам авжида. Бу соҳани йўлга қўйиш учун барча шароитлар, хом-ашёлар келтирилмоқда. Ҳудудда асосан косибчилик ривожлангани сабабли ишчилар сони ҳам шунга қараб кўпайиб боради. Пойабзалларнинг мавсумга қараб 30 дан ортиқ турларини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқдамиз. Фаолиятимизни янада кенгайтириш мақсадида имтиёзли кредитлардан фойдаланиб ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш мақсадимиз ҳам бор. Бу билан нафақат ўзимизнинг даромадимиз ошади, балки кўплаб иш ўринлари яратилишига сабабчи бўламиз,—дейди тадбиркор.
Шоҳистахон РАХИМОВА.