Кундалик турмушимизни оммавий ахборот воситалари, хусусан интернет, ижтимоий тармоқлар, телевидение, радиосиз тасаввур этиб бўлмайди. Кунлик воқеа-ходисалар, янгиликлардан хабардор бўлиш учун имкониятларимиз кенгайиб боряпти. Лекин буларнинг орасида оммавий ахборот воситаси ҳисобланган газета ва журналларнинг ўрни, аҳамияти беқиёс.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек “Ҳозирги кунда юртимизда 2140 та ёки 2016 йилга нисбатан 626 та кўп оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 65 фоизи нодавлат медиа воситалари экани соҳада таркибий ўзгаришлар изчил амалга оширилаётганидан далолат беради. Анъанавий нашрлар билан бирга интернет нашрлар ҳам жадал ривожланиб, уларнинг сони 745 тага етгани ва ўқувчилар оммасини тобора кўпроқ ўзига жалб этаётганини қайд этиш лозим.”
Туман ҳокимлигининг нашри бўлган “Тошлоқ тонги”газетаси ҳам юртдошларимизни жаҳон, республикамиз, вилоятимиз ҳамда туманимизда рўй бераётган оламшумул ўзгаришлардан ўз вақтида воқиф этиш, Президентимиз, республикамиз ҳукумати олиб бораётган одилона сиёсатни халқчил тарзда газетхонларга етказиш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширмоқда.
Бунда асосий эътибор ҳар бир фуқаронинг юртимиздаги ислоҳотлар ижросига муносабати, иштирокини кенгроқ ёритишга қаратилмоқда. Қишлоқ хўжалиги, саноат ишлаб чиқариши, тадбиркорлик, ижтимоий ҳимоя, ёшлар бандлиги, тиббиёт ва таълим сингари барча соҳаларда эришилаётган натижалар, мақсадларнинг ижроси саҳифаларга олиб чиқиляпти.
Касб байрамимизни нишонланар эканмиз кўп йиллар “Тошлоқ тонги” газетасида ижод қилиб унинг ривожи, обрў-эътибор топишига ўз вақтида муносиб ҳиссаларини қўшган устозлар хотирасига доимо ҳурмат бажо келтирамиз. Газетанинг биринчи муҳаррири Хайдар Аҳмедов, Хорунбой Эрматов, Қодиржон Юсупов, Юнусали Ҳусаинов, Исмоилжон Фозилов, Жўрабой Ражабов, Абдуллажон Рўзиев, Муродил Солиев, Исроилжон Иброҳимов, Толибжон Турсунов, Собиржон Қодиров, Абдуҳалил Қосимов сингари устозларнинг ҳар бир мақолани пишиқ-пухта, газетхон эътиборини тортадиган қилиб ёзишдек анъаналари ҳамон давом этмоқда. Шу ўринда газетамизда жамоатчи мухбирлар сафини янада кенгайтириш, уларни турли соҳалардан қамраб олиш ҳаракатидамиз. Газетхонлардан келган ҳар бир мактуб, хат-хабарлар эътиборимизда, ҳар бир билдирилган фикр инобатга олиниб кейинги сонларга янги-янги мавзулар олиб чиқиляпти.
Хали-ҳамон жамоанинг энг яқин маслаҳатгўйлари бўлаётган фахрийларимиз Йўлдошали Мамаев, Неъматжон Раҳимовларнинг ҳар бирлари тўғрисида фахр билан гапириш мумкин. Газетачиликдек қийин ва мураккаб, аммо масъулиятли ва шарафли касб соҳиби сифатида таҳририятда айни кунда фаолият кўрсатаётган, газета ҳар бир сонининг ўқимишли ва сермазмун, давр руҳи билан чоп этилишига муносиб ҳиссаларини қўшаётган ходимларимиз Абдураҳмон Нишонов, Ҳуснидахон Якубова, Шоҳистахон Раҳимоваларнинг меҳнати ҳам ҳар қанча таҳсин ва ташаккурларга сазовордир.
Бугун байрам арафасида газетамизнинг чинакам жонкуярлари бўлган ўнлаб фаолларимиз номини ҳурмат билан тилга оламиз. Жумладан Ўзбекистон ХДП туман бўлими раҳбари, туман Кенгаши депутати Турсунбой Солиев, туман СЭО ва ЖС бўлими бошлиғи, туман Кенгаши депутати Рўзиматжон Матқулов, туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Рустамжон Мамажонов, туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Фаридахон Мирзааҳмедова, туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари Ойгул Ҳокимова, Собиржон Каримов, туман маънавият бўлими раҳбари Одилхон Мажидов, таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошлоқ туман бўлинмаси Кенгаши раҳбари Саиджон Мўминов, 43-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дилрабо Бўриева, меҳнат фахрийлари Рустамжон Ўринов, Маъруфжон Тешабоев ва бошқаларнинг бераётган сидқидил ёрдамидан ҳамиша миннатдормиз.
Зеро матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари байрами нафақат ана шу соҳада меҳнат қилаётганларнинггина эмас, балки кўп сонли муштарийларнинг ҳам байрамидир. Шу боис ҳам ҳамма-ҳаммани ана шу қутлуғ байрам билан муборакбод этамиз.