Ёшлар ҳар бир давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи муҳим ижтимоий қатлам саналади. Зеро, ҳар бир жамиятнинг ҳолати, тақдири ва истиқболи унда яшаётган ёшларнинг салмоғи, маънавияти ва онглилиги даражаси билан белгиланади. Ёшлар жамиятнинг эртанги келажаги, унинг фаол аъзоси, таъбир жоиз бўлса жамият эртасининг муносиб ворисларидир. Мазкур нуқтаи назарга кўра ҳам ёшлар давлат ва жамият томонидан доимий эътиборда.
Бундан роппа-роса етти йил муқаддам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар ҳаракати қурултойида қатнашиб, 30 июнь санасини мамлакатимизда Ёшлар куни, деб эълон қилишни таклиф этган эди. Шундан буён ушбу сана юртимизда катта байрам сифатида нишонланиб келинмоқда.
Бугун мамлакатимиз ёшлари томонидан эришилаётган улкан ютуқлар замирида истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб ёшлар тарбияси, таълими, умуман, кадрлар тайёрлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилгани мужассам. Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътибор, уларга давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик миқёси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
Жорий йил мамлакатимизда Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилингани ҳам ёшларга эътиборнинг ёрқин ифодасидир.
Президентимизнинг ёшларга оид сиёсатида иккита энг муҳим йўналиш бор: биринчиси – уларга замонавий билим бериш, иккинчиси – ёшлар бандлигини таъминлаш. Кейинги йиллардаги ислоҳотлар, ташаббус ва янги тизимлар замирида ана шу мақсад мужассам.
Хусусан, ёшларнинг билим ва иқтидорини ривожлантириш мақсадида янгича шакл ва мазмундаги Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар тизими яратилди. Умуман, барча мактабларга эътибор, ўқитувчиларга рағбат ва ҳурмат ошди. Ёш авлодда билимга интилиш кучайди.
Бандлик масаласини олсак ҳам ёшларга эътибор ва ғамхўрлик асосий ўринга кўтарилганини кўриш мумкин. Ўтган йилнинг ўзида туманимизда истиқомат қилаётган 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 2 баробар кўпайиб, улар 250 дан ошгани бунинг яққол далилидир.
Амалий ишлар натижасида ўтган 2023 йилнинг июнидан шу кунга қадар “Ёшлар дафтари”га кирган 1200 нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 2 млрд. 900 млн. сўм маблағ йўналтирилди. Жумладан, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар фарзандлари бўлган 214 нафар талабанинг контракт пули тўлаб берилди.
Туманимизда бу йил 100 дан зиёд ўғил-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 2 680 331 000 сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Туманимизда ташкил этилган Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасидаги 22 та лойиҳа доирасида 550 нафар янги иш ўрни яратилди.
Муҳтарам Президентимизнинг «Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида жорий йилнинг ўзида 1450 нафар ёшларга 20 сотихдан ер майдонлари 30 йил муддатга ажратиб берилди.
Бугун Ўзбекистон ёшларининг таълим-тарбия олиши, спорт билан шуғулланиши, замонавий технологияларда ишлашни ўрганиши, умуман, келажакда ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб етишиши учун нимаики зарур бўлса, барчаси яратилган. Ёшларимиз эса бунга жавобан Янги Ўзбекистонда халқ манфаати йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ташаббускор ғоялари, таклифлари билан фаол иштирок этмоқда. Шижоатли ёшларимизнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётгани эса янада қувонарли.
Бугун туманимиз ёшларига ҳар томонлама ибрат-намуна бўла оладиган 2024 йил беш ташаббус олимпиадаси доирасида “Бўзатов фест” ёшлар овози танловининг республика босқичида фахрли 3-ўринни эгаллаган Муслимахон Акбаралиева, «Хуршидбек Зиё» фермер хўжалиги раҳбари Хуршидбек Ўсаралиев, «Фарғона Дилфузабегим Файз» МЧЖ асосчиси Мадумарбек Йўлдашев, Арабмозор МФЙ ёшлар етакчиси Миртемир Юрсанов сингари ёш тадбиркор, ишбилармон, давлат хизматчиси, миришкор деҳқон бўлган ёшларимиз номларини фахр ва ифтихор билан тилга оламиз.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек халқимиз, Ватанимиз бизлардан буюк ишлар кутаётганини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаймиз. Юртнинг юксак ишончи ва умидини тўла оқлаш, унга муносиб бўлиш ҳар биримиз учун улуғ бахтдир. Шундай шараф барча ёшларимизга насиб этсин.
Достонбек ЙЎЛДОШЕВ,
Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими раҳбари.