27 июнь — «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари» куни муносабати билан туман ҳокимлиги томонидан байрам тадбири ташкил этилиб, оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар таклиф этилди.
Тадбирда туман ҳокими Абдуқаҳҳор Джурабаев 27-июнь «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари» куни муносабати билан матбуот ходимларини касб байрами билан самимий қутлади.
Шунингдек, очиқлик, сўз эркинлиги ва жамиятимиздаги барча йўналишдаги воқеа-ходисаларга нисбатан тўғри ва холис, тезкорлик билан ёндашиб, ўз касбининг янада етуклари бўлишларини тилади.
Туман ҳокими тадбир якунида матбуот ходимларини эсдалик совғалар билан тақдирлади.
Тадбирдан сўнг туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Элмуродхон Мадаминов раҳбарлигидаги бир гуруҳ қаламкашлар “Тошлоқ тонги” газетасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб айни кунда кексалик гаштини сураётган устоз журналистлар хонадонига ташриф буюрдилар.
Неъмат Раҳим. Бу одам тошлоқликларга жуда яхши таниш. Унинг қаламига мансуб “Бесаранг хангомалари”, “Бир раис фожеаси”сингари асарлари ўзининг ҳажви, сатираси билан шуҳрат топган. Шу боис уни кўпинча Тошлоқнинг “Саид Аҳмад”и деб аташган.
1985 йилдан журналистик фаолиятини туман радиосида бошлаган Йўлдошали Мамаев 1987 йилдан “Тошлоқ тонги”да меҳнат қилган. Таҳририятнинг қишлоқ хўжалиги бўлими мудири, муҳаррир ўринбосари вазифаларида сидқидилдан меҳнат қилар экан ўзининг долзарб, муаммоли, иқтисодий-таҳлилий мақолалари билан эл назарига тушган.
Неъмат Раҳим ҳамда Йўлдошали Мамаевларнинг шогирдлари ҳисобланган А. Нишонов, Ш. Раҳимова, Ҳ. Якубовалар бугун “Тошлоқ тонги”да фаолият кўрсатиб келишяпти.
Туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Элмуродхон Мадаминов фахрий журналистларга туман ҳокими А. Джурабаевнинг ташаккурномаси ва совғасини топширди.
Устоз журналистлар туманимиз янада юксалиши, эл-юртимиз фаровон бўлишини тилаб дуои фотиҳалар қилишди.

About The Author