Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга бир қатор кафолатлар билан бирга улар учун қўшимча ҳуқуқ ва имтиёзлар ҳамда уларнинг меҳнатини қўллаш тақиқланадиган ишлар белгилаб қўйилган.
Жумладан, ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ маҳаллий ижро ҳокимияти органлари (туман, шаҳар ҳокимлари) белгилайдиган энг кам иш ўринлари ҳисобидан захирадаги иш ўринларига маҳаллий меҳнат органларининг йўлланмаси билан ишга жойлашиши, ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя этишдан ташқари, маҳаллий меҳнат органининг розилиги билан йўл қўйилиши кафолатланган.
Шунингдек, ўн саккиз ёшгача бўлган шахслар меҳнатга оид якка тартибдаги ҳуқуқий муносабатларда катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқларга эга бўлади, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шарт-шароитлари соҳасида эса улар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қўшимча имтиёзлардан фойдаланади. Ўн саккиз ёшгача бўлган шахслар фақат дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ўтганидан кейин ишга қабул қилинади ва кейинчалик улар ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши лозим.
Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун иш вақти давомийлигида ва ҳар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлигида ҳам имтиёзлар белгиланган. Хусусан, иш вақтининг давомийлиги ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган, ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади.
Ўқув йили давомида ўқишдан бўш вақтида ишлаётган ўқувчиларнинг иш вақти давомийлиги ушбу модданинг биринчи қисмида тегишли ёшдаги шахслар учун назарда тутилган иш вақти энг кўп давомийлигининг ярмидан ошиши мумкин эмас.
Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун ҳар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган ходимлар учун — олти кунлик иш ҳафтасида — тўрт соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида — беш соатдан, ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун эса олти кунлик иш ҳафтасида — олти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида — етти соату ўттиз дақиқадан; ўқув йили давомида ишни ўқиш билан бирга олиб борувчи умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган ўқувчилари учун — олти кунлик иш ҳафтасида — икки соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида — икки соату ўттиз дақиқадан, ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ўқувчилари учун эса олти кунлик иш ҳафтасида — уч соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида — тўрт соатдан ошиши мумкин эмас.
Шуни таъкидлаш жоизки, ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларни хизмат сафарига юборишни, иш вақтидан ташқари ишларга, тунги ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиш тақиқланади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг меҳнат шароити зарарли ва (ёки) хавфли бўлган ишларда, ер ости ишларида, шунингдек бажарилиши уларнинг ҳаётига ва соғлиғига, хавфсизлигига ва маънавий жиҳатдан камол топишига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда (тунги кафе ва клубларда, спиртли ичимликларни, тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни, токсик препаратларни ишлаб чиқариш, ташиш ҳамда сотиш ва бошқалар) қўллаш, ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларнинг улар учун белгиланган йўл қўйиладиган энг кўп нормалардан ортиқ бўлган оғирликдаги юкларни кўтариши ва ташиши тақиқланган.
Юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган ўн саккиз ёшгача шахслар бажариши тақиқланган иш турларга тўхталиб ўтамиз: Булар нон ишлаб чиқаришда новвой, иссиқхоналар ичидаги ишларда банд бўлган ишчилар, пахта суғоришда банд бўлган ишчилар, тамаки йиғиш, ташиш ва бирламчи ишлов беришда банд бўлган ишчилар, пахтани қўлда теришга банд жалб қилинган ишчилар.
Бундан ташқари ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган оғир юк нормаларининг чегараси этиб қўлда кўтариш ва ташишда ўғил болалар учун – 13 кг. гача, қизлар учун 7 кг. гача, қиялик баландлиги 0,01 дан юқори бўлмаганда, белгиланган нормалардан ортиқ бўлган оғирликдаги юкларни кўтариши ва ташиши тақиқланган.
Фахриддин ҚЎШМАҚОВ,
давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори.