Ҳозирги ривожланиб бораётган ахборот технологиялари асрида ҳаётимизнинг барча жабҳаларида компьютер ва рақамлаштирилган турли хил техникалар оммалашаётгани, афсуски, бундан ғараз мақсадда фойдаланувчилар ҳам ортиб бораётгани, натижада содир этилаётган жами жиноятлар орасида интернет ва компьютер технологиялари билан боғлиқ жиноятлар нисбати кескин ошиб бораётгани ачинарли ҳол.
Бугун интернет тармоғи орқали амалга оширилаётган фирибгарликларнинг аксарият қисми фуқароларимизнинг ўта соддалиги, ишонувчанлиги, шу билан бирга киберхавфсизлик соҳасида етарли билимга эга бўлмаганликлари оқибатидир.
Бўлимга бир кекса отахон мурожаат қилиб келди. Пластик картасида яхши кунларга ишлатиш учун жамғариб бораётган 57 миллион сўм маблағи бор экан. “Банк”дан телефон қилиб “пластигингиздаги пулни анчадан бери ишлатмабсиз, бу мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга қўшган ҳиссангиз, шунинг учун сизга 5 миллион сўм мукофот бермоқчимиз. Телефонингизга борган кодни айтиб берсангиз пулни тушириб берамиз” дейишибди. Отахон хурсанд бўлиб телефонга келган СМСни айтиб дарҳол пластик картасини текширибди. Афсуслар бўлсинки пластикда бир сўм ҳам қолдирмай ечиб олинибди. “Банк ходимиман” деган одам эса дарҳол телефонини ўчириб ғойиб бўлибди.
Отахон балким интернет тармоғидан фойдаланмас, ижтимоий тармоқларда пластик карта билан боғлиқ фирибгарликлар содир бўлаётганини ўқимас. Лекин, деярли ҳар куни телевидение, радиода фирибгарлардан эҳтиёт бўлиш, телефонга келган СМСларни ҳеч кимга айтмаслик тўғрисида бонг уриляптику. Ходимларимизнинг сайъи-ҳаракатлари билан отахоннинг пулини ўмарган фирибгар топилди ва қилмишига яраша жазоланди.
Бундай фирибгарликларнинг ортиб боришида фуқарорларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги, киберхавфсизлик бўйича оддий қоидаларни билмасликлари асосий сабаб бўляпти.
Мамлакатимизда 1 июлдан 31 июлгача “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги» комплекс тарғибот тадбирлари бошланди. Кибержиноятларни олдини олиш ҳамда аҳолини кибер оламдаги таҳдидларга нисбатан иммунитетини ошириш мақсадида тумандаги манфаатдор идора ва ташкилотлар билан биргаликда тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш ҳамда инновацион тарғибот усулларидан фойдаланган ҳолда барча ишчи-хизматчилар, ёшлар билан ҳамкорликда кўплаб аҳолини қамраб олиш бўйича режалари ишлаб чиқилди.
Жойларда мобил тарғиботлар билан бирга «Энг фаол маҳалла», «Интернет тармоғидан хавфсиз фойдаланаман», «Фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг», «Энг яхши миллий контент» каби йўналишларда танловлар, IT соҳасида онлайн олимпиадалар, кибертаҳдидлардан ҳимояланиш бўйича ўқув курслари, секторлар раҳбарларининг фуқаролар билан учрашувлар ташкил этиш кўзда тутиляпти.
Кибержиноят ўзи нима? Бу мақолада мана шу терминга ҳам алоҳида тўхталиб ўтишга қарор қилдик. Кибержиноят – бу ахборотни эгаллаш, уни ўзгартириш, йўқ қилиш ёки ахборот тизимлари ва ресурсларини ишдан чиқариш мақсадида кибермаконда дастурий таъминот ва техник воситалардан фойдаланилган ҳолда амалга ошириладиган жиноятлар йиғиндисидир. Ёки бошқачароқ таърифлайдиган бўлсак кибермакондаги жиноятларнинг бошқа жиноятлардан фарқи бу жиноятни шахс масофадан содир қилади, инсон бу жиноятни ўз кўзи билан кўрмайди, бу жиноятда инсон ҳаётига эмас балки маълумотларига ҳужум бўлади.
Виртуал оламдаги жиноятлар, хусусан ҳисоб рақамлардаги пулларни ўмариш, пластикдан пул ечиш, ҳаволалар орқали адашиб кириб қолиш натижасида шахсга тегишли барча маълумотларни эгаллаб олиш кўпаяётгани ҳар биримиздан ҳушёр бўлишни талаб этади.
Ўзбекистонда “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастурининг ишлаб чиқилиши ва ҳаётга татбиқ этилиши энг аввало, пухта ва мукаммал ташкилий-ҳуқуқий механизмларни шакллантириш, қолаверса инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш бўйича давлат органлари ва тадбиркорлик субъектларининг узвий ҳамкорлигини таъминлаш, барча соҳа ва тармоқларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни рақамли технологиялар билан қамраб олиш, бу борада замонавий билимларни чуқур эгаллаган, интеллектуал салоҳиятли кадрларни етиштириш, шу орқали, мамлакатда “хавфсиз ахборотлашган жамият” муҳитини яратишга хизмат қилади.
Авазбек КАТТАБЕКОВ,
туман ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник.

About The Author