1

шиори остида туман марказий ўйингоҳида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган байрам тантаналари бўлиб ўтди
“Мустақиллик”, “Озодлик”, “Ҳуррият”. Бу муқаддас каломлар дунёдаги барча халқлар тилидаги энг тотли, энг улуғ, энг азиз, энг ардоқли, энг ҳузурбахш сўзлардир. Чунки ҳар қандай халқ учун қарамликда, бўйнида бўйинтуруқ, оёғида кишан билан яшаш қанчалик катта фожиа — бахтсизлик бўлса, ўз юртига ўзи эгалик қилиб, озод ва эркин яшаш шу қадар буюк бахт — олий саодатдир.
Шу кунларда халқимиз буюк тарихий сана — азиз неъмат — ўз мустақиллигининг 33 йиллигини кенг нишонламоқда. Ушбу қутлуғ байрам мам-лакатимиз бўйлаб «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» эзгу шиори остида тантана қилинаётир. Бу қалбларимизга чексиз фахру ифтихор, ғурур бахш этади.
Мана шу шукуҳли дамларда ҳар биримиз мустақилликнинг буюк моҳияти ва аҳамиятини, истиқлолнинг юртдошларимиз ҳаётида тутган ўрнини, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда, онгу шууримиздаги оламшумул ўзгаришларнинг асоси бўлганини янада теранроқ англаймиз.
Туман марказий ўйингоҳига корхона ва ташкилот раҳбарлари, фахрийлар, туманимиз аҳли, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар вакиллари ташриф буюрган.
Чорлов мусиқаси байрам шодиёнаси бошланаётганидан дарак беради. Туман ҳокими А. Джурабаев шодиёнага ташриф буюрган тошлоқликлар ва туманимиз меҳмонларини инсони азиз мамлакатимизда хайрли ишларнинг бардавомлигини таъкидлаб Истиқлолимизнинг шарафли 33 йиллиги билан қизғин табриклади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди. Байрам иштирокчилари озодлик қўшиғига жўр бўлади, минг-минглаб юраклардан отилиб чиқаётган садолар бутун дунёга таралаётгандек.
…Майдон узра байрам садолари остида Болалар спорт мактаби,мусиқа ва санъат мактаблари тарбияланувчиларининг чиқишлари барчани ҳаяжонга солди. Майдонда спорт саломатлик, мардлик ва гўзаллик гарови эканини акс эттирувчи ранг-баранг саҳна кўринишлари намойиш қилинди.
Ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етаётган беғубор авлодга боқиб дилингиз яйрайди, ҳавас қиласиз. Қувноқ ва серзавқ ўғил-қизларимиз ўзларининг бахтли болаликни мадҳ этувчи қўшиқлари билан қалбларимизда умид ва ишонч уйғотади.
«Райҳон» ашула ва рақс халқ дастаси санъаткорлари томонидан куйланган мумтоз қўшиқлар орқали халқимизнинг қадри кетмас қадриятлари, соҳир санъати, мумтоз маданияти яна бир бор тараннум этилди.
Ҳарбий оркестр томонидан янграган куйлар дилларга қувонч бағишлади.
Ҳар йилги анъанага мувофиқ бу галги байрам тадбирларига халқимизнинг севимли хо-нандалари Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Дилноза Кубаева, Ўзбекистон халқ ҳофизи Илҳом Иброҳимов, эстрада юлдузлари Отабек Муҳаммадзоҳид, Aкмал Садихонов, «Артист» лойиҳаси иштирокчиси, хонанда Файзулло Зокиров ва яна бир қатор эл суйган санъаткорлар ўзларининг дилтортар қўшиқлари билан йиғилганларга хуш кайфият улашдилар.
Тинч ва осуда ҳаётда яшаш ҳар бир юртдошимиз учун ниҳоятда қадрли эканлигини англаш, яратиш, интилиш, эртанги кунга бўлган ишонч Президентимиз таъбири билан айтганда ҳар бир инсоннинг бу ҳаётдан рози бўлиб яшашига имкон бераётир. Аслида бизнинг тақдиримиз, бахтимиз мана шу Ватан билан боғлиқ. Шундай жаннатмакон, осуда юртда яшаш ҳар биримизнинг толеимизга битилган бахтдир.
Бу бахтга шукроналик келтириб, ўз меҳнатимиз билан Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўша-ётганимиз дилларга сурур бағишлайди.
Самода ранг-баранг мушаклар жило сочади. Ёғдуларга боқиб қалбларимиздан ҳаяжон тошади. Дилимиздаги энг буюк ниятлар тилга кўчади:
— Мустақиллигинг абадий бўлсин, она-Ватаним!
— Улуғ тўйинг муборак бўлсин, буюк ва муқаддас Ватаним!
Истиқлол байрами барчанинг кўнглига хушнудлик, фахр ва ифтихор бағишлади. Байрам шукуҳи диллардан дилларга кўчди.
Ўз мухбирларимиз.

About The Author