“Қаловини топсанг қор ҳам ёнади” деганлари бор гап. Изланган, ҳаракат қилган инсон борки натижасини албатта олади. Ҳозирги кунда беш сотихлик ердан ҳам унумли фойдаланилса даромад олиш мумкин. Муҳими
инсонда хоҳиш бўлса бўлгани. Агар 5 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил қилинса ва унга 60 туп лимон кўчати экилса, ҳар бир тупдан ўртача 50 кг ҳо сил олиш мумкин. Бу эса умумий ҳисобда 3 тонна лимон деганидир.
Қуйи Яккатутлик суҳбатдошларимиз ҳам хонадонларидаги томорқадан унумли фойдаланиб 2 та иссиқхона ташкил қилишган.
Хонадон бекаси Мўътабархон Маткаримова турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан қиш фаслида ҳам томорқадан мўмай даромад оладилар. Улар иссиқхонада парваришлаётган редискалар ҳозир айни пишиб даромадга кирган вақти. Октябрь охирларида сепилган редиска уруғлари ҳозир барқ уриб иссиқхонага кирган кишининг бахри дилини яйратади.
– Деҳқон учун қиш бекорчилик фасли дейдиганлар адашади, – дейди хонадон бекаси М. Маткаримова. Сабаби даромад оламан деган инсон учун ҳар фаслда ҳам иш топилади. Мана шу иссиқхонамиз боис йил ўн икки ой юмушимиз ҳам, шунга яраша даромадимиз ҳам бор.
Айни кунларда редискага талаб катта бўлиб нарҳи ҳам баҳордагидан анча юқори. Ҳозирда бир кунда 200 боғ редискани улгуржи харидорларга сотиб келишмоқда. Бир кунда ўртача 500 000 сўм даромад оилага кириб келаётгани ёмон эмас албатта. Ҳали иссиқхонада ҳосил мўл. Қилинган меҳнатга яраша даромаднинг ўзи кириб
келаверади. Редискадан бўшаган ерларга бодринг экиб парвариш қилиш оиланинг галдаги режаларидандир.
Олинаётган даромадлар эса тўйларга, иморатлар қуришга сарфланаётганини хонадон эгалари мамнуният билан таъкидлашди.
Ҳуснидахон ЯКУБОВА.