Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суди залида жиддий сукунат ҳукмрон. Суд мажлисида иштирок этаётганларнинг барчаси туманимизда содир этилган инсон ҳаётига суиқасд жиноятининг оғирлигини гўёки ҳис қилгандек. Суднинг қора курсисида ўтирган шахс — 24 ёшли Фарҳод Шокиров (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) бугун қилмишидан
пушаймон, аммо унинг афсус-надоматлари энди ҳеч қандай ёрдам беролмайди. Ҳаммаси рашкдан бошланган. У турмуш ўртоғи Дилором Қамбаровани яхши кўрарди, аммо ишончсизлик ва шубҳа унинг ҳаётини издан чиқарди. Фарҳод унинг бегона эркаклар билан телефон орқали суҳбатлашаётганидан гумон қила бошлади. Бу эса оилавий келишмовчиликларга сабаб бўлади. Шубҳалари тобора кучайиб у Дилоромнинг ҳар
бир қадамини кузатишга ўтади. Бундан ташқари қайнонаси қизини у билан бирга яшашига тўсқинлик қилаётганидан ғазабга тўлади.
ФОЖИАЛИ КЕЧА
Қасддан жиноят содир этиш ниятида бўлган Фарҳод қулай пайтни кутади. Қайнонаси ва турмуш ўртоғи уйда ёлғиз қолганидан фойдаланиб яширинча уйга кириб олади. Агар қаршилик кўрсатишса куч ишлатиш мақсадида ўзи билан пичоқ олиб келади. У қайнонасини ўлдиришни олдиндан режалаштиради. Фарҳод меҳмонхонага яшириниб, кечки соат 01:00 гача кутиб ётади. Турмуш ўртоғи ухлаб ётган пайт унинг ёнига келиб сочини силаётганида Дилором
уйғониб кетади ва онасини ёрдамга чақиришга уринади. Шу пайт уйғонган қайнона тезда ёрдамга шошилади. Вазият кескин тус олади.Фарҳод жиноий режасини амалга ошириш мақсадида қайнонасига пичоқ билан ҳужум
қилади. У ўта шафқатсизлик билан қайнонасининг елкаси, билаклари, кўкраги, қорни ва бел соҳаларига 14 марта пичоқ уради. Дилором уни тўхтатишга уринади, аммо у ҳам оғир тан жароҳатлари олади. Қайнона воқеа жойида вафот этади. Дилором эса шифохонага ётқизилади.
ЖИНОЯТДАН КЕЙИНГИ ҲАРАКАТЛАР
Фарҳод жиноятдан кейин уйдаги айрим мол-мулкларни олиб кетишга қарор қилади. У қайнонасига тегишли «Redmi-5», «Novey» ва «Samsung J2» русумли уяли телефонлар, бир жуфт аёллар сирғаси ва бир дона кумуш узукни яширинча олиб воқеа жойидан яширинади.
СУД ЖАРАЁНИ
Суд жараёнида Фарҳод айбини қисман тан олиб, ўз қилмишини оқлашга уринди. У жиноятни қасддан эмас, балки ғазаб туфайли содир этганини айтди. Бироқ, барча далиллар унинг олдиндан режа тузганини ва бу жиноят қасддан амалга оширилганини кўрсатди. Барча далиллар ва гувоҳликлар ўрганилганидан сўнг суд Фарҳодни 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Б. АБДУНАЗАРОВ,
жиноят ишлари буйича туман суди раиси.