Куни-кеча эълон қилинган давлатимиз раҳбарининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш” тўғрисидаги қарор юртимиз мусулмонлари учун катта хурсандчилик бўлди. Президентимизнинг эътиборлари мазкур ойнинг янада барокатли, шукуҳли ўтиши, рўзадорлар ва намозхонларга ўз ибодатларини эмин-эркин, хотиржам амалга оширишларига кўмак бўлади албатта.
Муқаддас динимизнинг тинчлик, дўстлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояларини, ислом ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларни шу руҳда соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш борасида кенг миқёсда ишлар амалша оширилмоқда.
Айниқса юртимиз мўмин-мусулмонлари халқимиз учун асрлар давомида эзгулик, меҳр-оқибат ва хайру саховат рамзи бўлиб келган муқаддас Рамазон ойини катта шоду хуррамлик ва шукроналик билан кутиб олиб, эзгу амалларни адо этмоқдалар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматидан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, деганлар.
Буларнинг барчаси албатта, юртимиздаги эмин-эркинликнинг шарофатидандир. Агар биз ато этилган Аллоҳнинг мана шу неъматларига шукр қилиб, зиммамиздаги бурч ва вазифаларимизни адо этиб борар эканмиз, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ояти каримада: “… агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…”, – деб таъкидлаганидек, ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррар.
Одатда инсон ўзига берилган неъматлар қадрини мулоҳаза қилиб, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб, қиёслаб юриши ҳам иймон нуридандир. Бу эса шукр келтиришга чорлайди. Янада кўпроқ Аллоҳ таолога хуш келади. Натижада неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади, инсонни бахт-саодатга эга қилади.
Рамазон – нафсни тарбиялаш ойидир. Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўза тутиш орқали инсон гуноҳлардан сақланади, гуноҳга ундовчи омиллар заифлашади.
Рамазон – ибодат ойидир. Аввалда яшаб ўтган улуғларимиз Рамазонга шундай интиқ бўлишганидан, ҳатто ойлар давомида “Эй Аллоҳ, бизларни Рамазонга эсон-омон етказ!” дея Яратганга илтижо қилишган. Унинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб, савоблар тўплашга қизиқишган. Тиловат, зикр, истиғфорда бардавом бўлишган. Бу яхшиликни оила аъзоларига ҳам илинишган.
“Саҳиҳ Муслим”даги қуйидаги ҳадисда: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар”, дейилган. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Уч кишининг дуоси рад этилмайди: отанинг (фарзанд ҳаққига) дуоси, рўзадорнинг ва мусофирнинг дуоси” (Имом Байҳақий ва Имом Зиё ал-Мақдисий ривоят қилган).
Ушбу муборак ойда рўза тутиш билан инсон ўз нафсини тарбиялайди. Нафси устидан ғолиб келиб, руҳи енгил тортади. Фақат рўза тутгувчигина бунинг руҳий лаззатини ҳис эта олади. Рўза инсоннинг нафсини жиловлайди. Бу илоҳий тарбия ойида рўзадор киши ёлғон гапириш, ғийбат, туҳмат, чақимчилик ва уруш-жанжал каби иллатлардан сақланиб, доимо тилини ёмон сўзлардан, беҳуда гаплардан тиймоғи лозим. Зеро кимки рўзадор бўлатуриб, ёлғончилик, чақимчилик ва ғийбатдан тўхтамаса, унинг оч-наҳор юриб рўза тутганидан фойда йўқ.
Рамазон ойи маънавий покланиш ва ахлоқни сайқаллаш ойи. Рўзадор киши ўзини нафақат еб-ичишдан, балки номаъқул гап-сўз ва ишлардан ҳам тиймоғи лозим. Афсуски, бу ҳақиқатни унутиб қўйиб, рўзадор бўлишига қарамай кун бўйи беҳуда, ёлғон ва ғийбат гап-сўзлар, номаъқул ишлар билан машғул бўладиган ёки одамлар билан талашиб-тортишадиганлар ҳам йўқ эмас. Ваҳолангки бундай ишлар рўзанинг савобини кетказади. Расулуллоҳ (С.А.В.): “Ким ёлғон гапиришни, унга амал қилишни тарк қилмаса, унинг рўза тутиб, ейиш ва ичишдан тийилишига Аллоҳ муҳтож эмас” – деганлар. Бошқа бир ҳадисда “Агар бирортангиз рўзадор бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин ва жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар биров у билан сўкишмоқчи ёки урушмоқчи бўлса, “мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин” — дейилган.
Аллоҳ таоло Рамазон ойини барчамизга муборак айлаб жонажон юртимиз тинч-омон бўлиши, ҳаётимиз янада фаровон бўлиб, дастурхонларимиз тўкин-сочин бўлиши ҳамда она диёримизни Парвардигорнинг Ўзи турли офат-балолардан, ёмон кўзлардан омонда сақлашини чин дилдан сўраб дуолар қиламиз.