Эмизикли ёшдаги гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқлантириш бўйича глобал стратегия олти ойгача бўлган болалар учун фақат она сути билан боқишни тавсия қилади. Она сути антитаначаларга бой – аллергия ва инфекциялардан ҳимоя қилади, сариқ касаллигини олдини олишга ёрдам беради.
Айниқса оғиз сутида етук сутга қараганда кўпроқ антитаначалар ва бошқа инфекцияга қарши оқсиллар мавжуд ҳамда унда оқсил миқдори юқори. Оғиз сути янги туғилган чақалоқлар учун хавфли бўлган бактериал инфекцияларнинг олдини олишга ёрдам беради ва бола туғилгандан кейин учрайдиган кўплаб касалликларга қарши биринчи иммунизацияни таъминлайди. Оғиз сути енгил бўшаштириш таъсирига эга бўлиб, у чақалоқнинг ичакларини меконийдан (биринчи қорамтир ахлат) тозалашга ёрдам беради. Билирубин ичаклардан чиқарилади, бу эса сариқ касаллигининг оғирлигини камайтиришга ёрдам беради. Она сути чақалоқнинг туғилгандан кейин тўлиқ ривожланмаган ичакларининг ривожланишига ёрдам берадиган кўплаб ўсиш омилларини ўз ичига олади. Бу аллергия ва бошқа озиқ-овқатга нисбатан бардошсизликни олдини олишга ёрдам беради. Оғиз сути А витаминига бой бўлиб, болада ривожланиш мумкин бўлган ҳар қандай инфекцияни оғирлигини камайтиради. Шунинг учун оғиз сути чақалоқ учун жуда муҳим бўлиб у чақалоқ туғилгунга қадар кўкракда тайёр бўлади.
Чақалоқларга кўкрак сути билан эмизишдан олдин ҳеч қандай озиқ-овқат ёки ичимлик берилмаслиги керак. Чақалоқ оғиз сутидан олдин истеъмол қилиши мумкин бўлган сунъий озиқлантириш аллергия ва инфекцияларни келтириб чиқариши мумкин.
Кўкрак сути билан эмизиш она ва чақалоқ ўртасидаги яқин, меҳрли муносабатларнинг ривожланишига ёрдам беради. Бу эса она учун чуқур ҳиссий қониқишни таъминлайди. Туғруқдан сўнг дарҳол ўрнатиладиган яқин алоқа бундай муносабатларни шаклланишига ёрдам беради. Бу жараён ҳиссий алоқани ўрнатиш деб аталади.
Одатда кўкрак сути билан озиқланган чақалоқлар камроқ йиғлайдилар ва ҳиссий жиҳатдан хавфсизроқдирлар. Баъзи тадқиқотлар шуни кўрсатадики кўкрак сути билан эмизиш болани интеллектуал ривожланишига ёрдам беради. Кам вазн билан туғилган чақалоқлар хаётининг биринчи ҳафталарида кўкрак сути билан озиқлантирилганда сунъий озиқлантириш билан озиқланган чақалоқларга қараганда, ақл-идрок тестларида яхши натижаларга эришадилар.
Сунъий озиқлантиришнинг камчиликлари бўлиб улар қуйидагиларда кўринади. Она ва бола ўртасида ҳиссий алоқа ўрнатилишига тўсқинлик қилади, диарея ва сурункали диарея эҳтимолини оширади, нафас олиш йўллари инфекциялари частотасини оширади, овқатланиш бузилишига, А витамини етишмовчилигига олиб келади, сутга аллергия ва бардошсизлик эҳтимолини оширади, айрим сурункали касалликлар хавфини оширади, семиришга олиб келади, интеллект тести балларини пасайтиради, онанинг яна тезроқ хомиладор бўлиш имкониятини оширади, онада камқонлик, тухумдон саратони ва кўкрак саратони хавфини оширади.
Маъмура ДЕҲҚОНОВА,
тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими неонатологи.