Миллийлик – муайян халққа, миллатга хос бўлган, уни бошқалардан фарқини кўрсатувчи хусусиятлар мажмуи. Миллийлик миллатнинг тарихи, қадриятлари, анъаналари, маданияти, яшаш тарзида яққол намоён бўлади. Миллийликни билиш ва англаш учун миллатлар ўртасидаги фарқ ва тафовутларни ўрганиш билан биргаликда уларни яқинлаштирувчи жиҳатларга жиддий эътибор бериш зарур. Чунки бошқа миллатларнинг ютуқ ва ижобий тажрибасини ўрганиш, уларни ўзлаштириш миллийликни бойитади ва ривожлантиради. Инсоният тарихида XX аср миллийликнинг ўсиши, миллий давлатчилик тамойили устуворлик касб этгани билан характерланади.
Шу қаторда миллий либослар ҳам миллийлигимизнинг бир қисми бўлиб, ҳар бир халқнинг ўзига хос маданияти ва тарихий анъаналари асосида яратилади.
Айниқса ўзбегим миллий кийимлари ўзининг мафтункор нақшлари ва ранг-баранглиги билан ажралиб туради.
Минтақамиздаги иқлим, шарт-шароит ва кўп йиллик тарихга эга эътиқодимиз асосида ўзига хос миллий либосларимиз шаклланиб келган. Миллий либосларимиз нафақат миллатимиз кўркини, балки маънавий мафкураларимизни ва дунё тамаддунида тутган ўрнимизни ҳам намоён этади.
Бугунги кунда мана шу узоқ тарихни босиб ўтган, аждодларимиз мафкураси ва дунёқараши ҳақида сўзлайдиган миллий либосларимизни тарғиб этиш миллийлигимизни сақлаб қолиш демакдир.
Бу борада Юртбошимизнинг «Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият» деган сўзларини алоҳида таъкидлаш ўринли.
Миллий либослар маънавият кўзгуси ва қиёфаси. Шу ўринда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган тарғибот гуруҳи аъзолари учун ўқув семинарида Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, давлат ва жамоат арбоби Элмира Боситхоновалар кийим одамнинг кайфияти ва руҳий ҳолатига таъсир этиб, унинг хатти-ҳаракати, феъл-атворини ҳам ўзгартиришга қодир эканлиги, кийинишга эътиборсизлик, нотўғри танланган, ташқи кўринишига мос келмаган уст-бош кишининг ноқулай аҳволга солиши билан бирга ўзига нисбатан ишончсизликни ҳам келтириб чиқаришини таъкидлаб ўтдилар.
Туманимизда хотин-қизлар ўртасида диний, ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, уларни жамиятдаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлашга оид маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини кучайтиришда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини таъминлашга қаратилган қўшма қарор ижросининг 9-бандида кўрсатилган “Миллий либос- маънавият кўзгуси” ҳафталиги ўтказилмоқда. Бундай тадбирлар ёшларимизнинг замонавий миллий мода саноатида миллийликка амал қилиш, миллий анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш, урф-одат ва қадриятларимизга хос бўлмаган кийиниш услубларига тақлидини олдини олишга хизмат қилади.
Моҳида ЖЎРАЕВА,
туман тарғибот гуруҳи раҳбари.