Ҳар қандай давлатнинг иқти-содий ривожланиш суръатини аҳолининг бандлик даражаси белгилайди. Халқ ишли, ўз даромад манбаига эга бўлса, албатта фаровон турмуш кечиради.
Аҳолини иш билан таъминлаш ҳақида сўз борганда аввало бугунги кунда фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароит ва имтиёзлар тобора кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бундай имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланиб фаолиятини тобора ривожлантираётган тадбиркор ва ишбилармонлар сафи йилдан йилга кенгаймоқда. Эътиборлиси, ишбилармонлар сафида 14 ёшдан 70 ёшгача аҳоли борлиги барчамизни қувонтиради.
Якковут маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли бандлигини таъминлаш долзарб масалалардан саналиб, йиғин раиси Қодиржон Мамарасулов бошчилигида маҳалла еттилиги саъй-ҳаракатлари билан тизимли ишлар амалга ошириляпти. Маҳалла ҳоким ёрдамчиси Фаррухбек Раҳмонов ёрдами билан ўнлаб фуқароларга имтиёзли кредит ажратилиб бандликлари таъминланди. Шунингдек дафтарлар рўйхатида турувчи бир қанча фуқароларга субсидиялар ажратилди. Айниқса, хориждан қайтиб келган фуқаролар учун бир қатор қулайликлар яратилган. Уларга самарали меҳнат қилиши ва фаолиятини янада кенгайтириши учун имтиёзли банк кредитлари ажратиляпти.
Шунингдек маҳаллада томор-қасидан оқилона фойдаланиб бир қарич ерни ҳам бекор қўймайдиган, бунинг эвазига эса хонадонининг тўкинлигини таъминлаётганлар ҳам талайгина.
Ҳусанбой Каримов 10 йил-дан ошибдики томорқаси орқали рўзғор бешигини тебратиб келаётганлардан. 7 сотихлик майдонда турмуш ўртоғи Маъмурахон, фарзанди Шукуриллолар билан кўчат етиштиришни йўлга қўйганлар. Ҳар йили эрта баҳордан парвариши бошланадиган 10 турдан ортиқ кўчатлар май ойининг охирига қадар харидорларга сотилади. Бу миришкор оила аъзолари 4-5 хил турдаги помидор кўчатлари, булғор қалампирининг бир неча навлари, бодринг, қалампир, бақлажон, райҳон, жамбул ва турли гул кўчатлар етиштиришади. Апрель ойидан кўчатлар сотишга тайёр ҳолатга келади. Айни кунларда оила аъзоларининг юмушлари кўпайган. Кўчатларнинг синовдан ўтганлиги боис ўз харидорлари бор. Мана бир неча йилдирки айни кўчат етиштириш мавсумида оила 4-5 нафар маҳалладаги ишсиз аёлларни бир ой давомида доимий иш ва маош билан таъминлаб келади.
– Февраль ойида бошланган кўчат етиштириш ишларимиз июнь ойида ниҳоясига етади. Ундан сўнг ерларимизга қайта ишлов бериб бақлажон экамиз. Уни ҳам бозорга олиб чиқамиз. Бу меҳнатларимиз самараси ўлароқ ҳар мавсумда 100 миллион сўм атрофида даромадга эга бўляпмиз. Бунинг ортидан аёлим билан 4 қизни турмушга бердик, иморатлар қуряпмиз. Қолаверса 5 бош қорамолимиз ҳам даромадларимиз орқасидан келган, – дейди хонадон соҳиби Ҳ. Каримов биз билан суҳбатда.
Ер билан тиллашиб ундан унумли фойдаланаётган хонадон эгалари бу йил биогумус тайёрлашни ҳам йўлга қўйдилар. Авваллари экин учун сотиб олинаётган биогумус ўғитлари энди хонадоннинг ўзида тайёрланяпти.
Кўчатлар шу кунга қадар хонадон эгалари қўлбола усулда тайёрланган вақтинчалик иссиқхоналарда етиштирилган. Эндиликда томорқачи имтиёзли кредит олиб иккита 3 ярим сотихликдан мустаҳкам ва замонавий иссиқхона қуриб битказиш ниятида. Бунинг учун маҳалла ҳоким ёрдамчиси билан зарурий ишларни амалга ошириш ҳаракатидалар. Бу эса ҳозирга қадар бир йилда икки маротаба олинаётган ҳосилни 3-4 маротабагача олиш имконини яратади. Бу албатта оила даромадини ҳам икки баробарга оширишга эришиш демакдир.
Бугун ҳудудда яшовчи хотин-қизларни иш билан таъминлаш долзарб масалалардан бири саналади. Оила бошлиғи билан биргаликда аёлининг ҳам ишли бўлиши, албатта оила фаровонлигига хизмат қилади. Маҳалла масъулларининг саъй-ҳаракатлари билан йиғиндаги тикувчиликка қизиқувчи кўплаб аёлларга тикув машиналари олиб берилиши натижасида опа-сингилларимизни ўз-ўзини банд этишларига эришиляпти.
Нигорахон Султонованинг тикувчиликда уқуви борлиги ҳамда фойдали иш билан шуғулланиш истагидалиги боис унга ҳам имтиёзли кредит орқали битта тикув ва битта оверлок машиналари олиб берилди. Бунинг эвазига аёлнинг ўз-ўзини банд қилиши билан бирга ҳар мавсумда 10 дан ортиқ ёш қизларга ҳунар сирларини ҳам ўргатиб келаётгани қувонарли ҳолдир. Маҳалла марказида асосан аёллар кўйлаклари, парда ва чойшаблар тикишни йўлга қўйган тикувчининг бугун ўз мижозлари бор. Қолаверса меҳнатига яраша даромад ҳам топиб оиласи тўкинчилигига ҳисса қўшяпти.
Моддий ва маънавий рағбат, қўллаб-қувватлаш, имкониятлар яратиш, ишонч билдириш орқали инсонларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш муҳим омилдир. Якковутликларнинг ҳам бугунидан рози, ҳаёти фаровон, кўнгли хотиржам ва эртасига ишончи катта эканлигига яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Ҳуснидахон ЯКУБОВА,
“Тошлоқ тонги” мухбири.