Инсон ҳаётда қилган яхшилиги ва эзгу ишлари билан ўзидан из қолдиради. Бинобарин, халқимизда “Яхшидан боғ қолади” деган ибора замирида ҳам меҳнати, изланишлари билан юрт, жамият тараққиётига ҳисса қўшиш каби маъно мужассам. Ҳар қандай жамият ривожланишида меҳнаткаш, фидокор инсонлар алоҳида ўрин тутади. Улар орасида ерга меҳр қўйиб, асосийси бу ишларни сидқидилдан бажариб ўз хонадонини боғу-роғга айлантириб, тажрибаларини бошқаларга ҳам улашиб келаётган миришкорлар туманимизда ҳам топилади. Бу борада Якковут маҳалла фуқаролар йиғинилик Охунжон Одиловнинг ишлари таҳсинга сазовор.
Қаҳрамонимиз турмуш ўртоғи Чиннихон Мўминова билан биргаликда хонадонида чинакамига гўзал манзара яратганлар. Улар олтмишдан ошиб етмишга яқинлашаётган бўлсалар ҳам ҳали ҳамон гўзаллик яратиш туйғуси билан ҳамнафас ҳаёт кечирмоқдалар. Хонадонда деярли 10 сотихга яқин ер майдонида интенсив боғ кўзни қувонтириб туришида бу инсонларнинг ерга, гуллар ва мевали, манзарали дарахтларга бўлган қизиқишлари, уларни парваришидаги катта меҳнатларидан далолат беради.
-Авваллари ҳам боғимизда ҳар хил мевали дарахтлар бўлар эди. Бу дарахтлар қариб қолгач уларни ўрнига янгитдан интенсив боғ қилишни мақсад қилдим. Бунга сабаб телевидение, интернет тармоқлари орқали дарахт экиш ва боғлар яратишга бўлган чорловларни кўриб шижоатим жўш урди. Шундан сўнг интенсив боғ яратиш усулларини Қува туманига бориб ўрганиб, ўша жойдан мевали кўчатларни олиб келиб экдим. Шу ўринда Эркин Воҳидовнинг
Юртдошим, боғингга бир ниҳол қада,
Бу ниҳол номини яхшилик ата.
Сендан фарзандингга боғ қолсин эй дўст,
Боғинг Ватан деган ном олсин эй дўст
деган мисраси ёдимга тушаверади,- дейди суҳбат чоғида тўлқинланиб О. Одилов.
Интенсив боғга 100 тупдан ортиқ мевали кўчатлар экилган бўлиб боғда 70 туп «кармен», «лимонка» каби нок навлари, ўрик, бодом, декабрь ойида пишиб етиладиган «пинк леди» навли олма кўчатлари меҳр билан парваришланмоқда.
Хонадон соҳиблари гўзалликка, меҳнат қилишга бўлган иштиёқи туфайли интенсив боғдаги дарахтлар оралари ҳам бўш қолдирилмаган. Бу жойга 200 туп қулупнай, 400 туп малина кўчатлари экилиб парвариш қилинмоқда.
Боғ ишлариданда ортиб асаларичиликни йўлга қўйиб ҳовлида турли хил гуллар парваришлаётган хонадон соҳибларининг қалби қанчалик гўзал эканлигини англаш қийин эмас. Айниқса голланд навли лолаларнинг қизил, сариқ бўлиб бахмалдек очилганини кўриб кўз қувнайди.
Кордован зотли 10 та асалари оиласининг ҳар бир оиласидан 10 килограммдан асал олинмоқда. Бундан ташқари 20 та зотли қора товуқлар ҳам тухум билан сийлайди.
Хулоса қилиб айтганда ҳар қандай инсон қандай ёшда бўлмасин биринчи навбатда ўз хонадонига ниҳол экиб боғ яратар экан юртимиз яшилликка бурканиб боғу бўстонга айланаверади.
Шоҳистахон РАҲИМОВА.

About The Author