Юртимизда чорвачиликни тараққий эттириш, ушбу фаолият тури билан шуғулланувчи фермер хўжаликларига имкониятлар тақдим этиш, халқимизнинг чорвачиликни ривожлантириш борасидаги тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Пировардида эса аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва даромадларини кўпайтириш мақсадида мазкур фаолият тури билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан имтиёзли кредитлар ажратилиб келинаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Якковутлик Абдурасул Турдиматов ҳам кўп йиллардан буён қорамолчилик билан шуғулланиб келади. Бунинг ортидан хонадони тўкинлигини таъминлаб, иморатлар қурди, фарзандларини уйли-жойли қилди. Ҳаракатда барака деганларидай дастлаб икки-уч бош қорамол парваришидан бошланган фаолият ҳозирга келиб 20 дан ортди. Оиланинг даромади ҳам шунга яраша кун сайин ошиб бормоқда. Ҳозирда А. Турдиматовнинг фарзандлари Сардорбек ва Бобурбеклар ҳам ота изидан бориб чорвачилик билан шуғулланишяпти. Оиланинг ҳафталик даромади 10 миллион сўм атрофида. Бундан ташқари хонадонда 4 та соғин сигир ҳам мавжуд бўлиб оила келинлари кунига 20-30 литр атрофида сут соғадилар.
Чорва асосан зотдор қорамоллардан иборат бўлиб Швед наслли буқалар парваришланяпти. Улар келгуси йилгача боқилиб ҳар бири 50 миллион сўмдан ортиқ баҳоланишини таъкидлашди. Олинаётган даромадлар эвазига оиланинг катта ўғли учун янги иморат қуриляпти. Шу билан бирга яна бир янги чорвачилик иншоатини қуриб 50 бош қорамол учун оғилхона яратишни мақсад қилганлар.
Дарҳақиқат чорвачилик бу фаровонлик, даромад манбаидир. Ота-боболаримиз ҳам “Соғин сигири бор хонадонда доимо барака, тўкинлик бўлади”, деб бежизга айтишмаган.
Ҳуснидахон Якубова,
“Тошлоқ тонги” мухбири.