Ризқ-рўзимиз, бойлигимиз рамзи бўлган буғдойнинг ҳар донаси олтинга татигулик. Уни етиштириш учун ғаллакорларимиз йил ўн икки ой меҳнат қиладилар. Албатта, ана шу етиштирилган ҳосилни ўз вақтида, талон-тарожликларсиз, нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш мавсуми энг масъулиятли палла ҳисобланади.
Туманимиз ғаллакорлари ана шу қизғин мавсумни ҳам бошлаб юбордилар. Айни пайтда туманда жами 4800 гектар майдонда дон етиштирилган бўлиб, умумий ҳисобда 14700 тонна дон ҳосили йиғиб олиш кутилмоқда. Ғаллани сифатли қилиб йиғиштириб олиш учун ташкилланган 14 та ўрим-йиғим отрядларининг ҳар бирида буғдой ўрими уюшқоқлик билан бошлаб юборилди.
Адҳамжон Ҳалилжонов раҳбарлик қилаётган 10-ўрим-йиғим отряди айни кунларда Шавкатжон Тожибоев раҳбарлик қилаётган “Муҳаммаджон саркор” фермер хўжалигида ғаллани ўз вақтида, нест-нобудсиз йиғиштириб олинишида сидқидилдан ёрдам беряптилар.
Отрядда бир кунда 60 тонна атрофида буғдойнинг ўриб янчилишига эришиляпти. Бу ҳам бўлса жамоада уюшқоқликнинг таъминланаётганлиги, комбайнчи ва ҳайдовчиларнинг ҳар дақиқадан оқилона фойдаланаётганликлари самарасидир. «Klass Dominator» русумли ўрим комбайнини бошқараётган Қобилжон Мамадалиев, Санжар Исақовлар агрегатнинг бир текис ишлашини таъминлаяптилар.
– Ўтган йили кузда яхши ният билан сочган уруғимизга минерал ва маҳаллий ўғитларни ўз вақтида бериб турганимиз, ғалламизни вақтида суғорганимиз учун ҳар гектаридан 80 центнердан ҳосил кўтаришни ният қилиб турибмиз, – дейди фермер хўжалигининг иш юритувчиси Умиджон Тожибоев. – Бунда Йўлдошали Рустамов, Адҳамжон Холбеков, Турсунали Мамажонов сингари ишчиларимиз ва бошқаларнинг муносиб ҳиссалари бор. Қолаверса 10 – ўрим-йиғим отрядига уюшган комбайнчи операторлардан буғдойимизни ўз вақтида, сифатли қилиб ўриб берганликлари учун мамнунмиз.
Ҳайдовчилардан Ҳамдамжон Умаров, Сайдилло Саидикромовлар ўрилган донни пешма-пеш қабул жойига элтилишида жонбозлик кўрсатишяпти.
А. НИШОНОВ.
“Тошлоқ тонги” мухбири.