Меҳнат бор жойда барака бўлади, дейишади. Айниқса, ер билан тил топишган, ҳар бир қарич заминни қадрлаган инсонлар бу сўзларнинг айни ҳақиқат эканлигини яхши билишади.
Туманимизнинг Бесаранг маҳалласи деҳқонлари ҳам ана шундай меҳнаткаш халқ. Улар ҳар йили эрта баҳорданоқ томорқаларини тайёрлаб, эртаки қовун етиштиришни яхши ўзлаштириб олишган. Бу қишлоқни кўпчилик “Қовунчилар қишлоғи” деб аташи бежиз эмас. Аҳолининг 85 фоиздан ортиғи ҳар йили эрта баҳорда, томорқа ёки даласи бўлсин, қовун экишга бел боғлайди.
– Маҳалламизда ҳозирги кунда 92 гектар томорқа ерлари мавжуд бўлиб, шундан 55 гектарида “Дакаро” навли қовун парваришланмоқда, – дейди маҳалла раиси Д. Қосимов. – Масалан, деҳқонлардан Аҳат ака Жўраев 18 сотих ерда деҳқончилик қилади. У киши февраль ойининг 10-санасида уруғ сепди, мартда кўчатлар ерга қадалди, апрелда эса мева боғлай бошлади. Қовунлар май ойида етилишга улгурди. Агар об-ҳаво яхши келса, бир дона қовун 2 кг. ва ундан ортиқ вазнга етади.
Манзура опа Ҳомидованинг томорқасида етиштирилаётган эртапишар қовуннинг ҳосилдорлиги бу йил жуда яхши бўлди. Унинг қовунлари нафақат ички бозорда, балки қўшни республикаларга ҳам экспорт қилинаётгани аҳамиятли. Бу оила ўтган мавсумда 40 миллион сўмга яқин даромад олган.
Маҳалла раисининг сўзларига кўра, бесарангликлар тажрибасини бошқа маҳаллалар ҳам ўрганмоқда. Хонариқ ва Меҳнатобод маҳаллаларидан келиб қовунчилик сирларини ўрганиб кетишмоқда.
Тажрибали деҳқон Ҳусниддин Мамараҳимов эса бир ярим гектар ерда “Дакаро” навли қовун экиб парвариш қилмоқда. 15 март куни экилган қовунлар бугунги кунда пишиб улгурди. “Уч йилдан бери шу навни экиб келяпмиз. Бу қовун ҳандалак ўрнида экилса ҳам бўлади. Ҳар йили гектаридан 150–200 миллион сўм даромад келтирмоқда”, – дейди деҳқон.
– Энг гўзали нима деб ўйлайсиз? – дейди Мамараҳимов табассум билан. – Тонг саҳарда ерга кирсангиз қовуннинг хушбўй ифори бутун пайкални тутади. Бу пайтда барча чарчоқ, барча қийинчиликлар унутилади. Қовунни пичоқ билан ёриб, бир бўлак татиб кўрсангиз, меҳнатингизнинг самарасини ҳис қилиб ҳузур қиласиз.
Абдураҳмон НИШОНОВ.