Унинг учун нималарга эътибор бериш керак


Она бўлиш – аёллар учун катта бахт ва қувонч. Фарзанд оилани янада мустаҳкамлайди, ҳаёт қувончи бўлиб, ота-она кўнглини тоғдай кўтаради. Соғлом фарзанднинг туғилишида аввало турмуш қурган янги келин-куёв ўзи соғ ва саломат бўлиши, соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилиши, тиббий билим савияси, маданиятининг юқори бўлиши, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳда бўлмаслиги, зарарли одатлардан йироқ бўлиши, жисмоний ва маънавий баркамоллик катта аҳамиятга эга бўлган омиллардан ҳисобланади. Аёл ҳомиладор бўлгунига қадар шифокор кўригидан ўтиши, саломатлиги ҳақида маълумотга эга бўлиши келажакда ноҳуш ҳолатларни олди олишда муҳим аҳамият касб этади.
Кўрик давомида онада аниқланган турли касаллик, туғма нуқсонларни даволаш чора тадбирлари белгиланади. Шунинг учун бундай профилактик кўриклар она саломатлиги ва соғлом фарзанд туғилишида муҳим. Бола ёруғ дунёга келгунига қадар она қорнида узоқ вақт ривожланади. Ана шу даврда нафақат ички, балки турли ташқи омиллар ҳам ҳомила ривожига таъсир кўрсатади.
Оналик – аёл кишининг бахтли бўлиши билан бирга унинг муқаддас бурчи ҳамдир. Ҳомиладор аёл саломат бўлиши учун шахсий гигиена қоидаларига амал қилиши, тўғри овқатланиши, вақтида меъёрда дам олиб, вақтида жисмоний фаолликни амалга ошириши, оила аъзолари ўртасидаги тинчлик, хотиржамлик муҳити ҳукм суриши, ҳомиладор аёлнинг уйқуси 8 соатдан кам бўлмаслиги, зарарли одатлардан ҳоли бўлиши, киядиган либосларига аҳамият бериши зарурий шартлардан ҳисобланади.
Сиҳат-саломат бўлишда озодаликнинг аҳамияти катта. Бадан, оғиз бўшлиғи доимо тоза бўлиши керак. Кийимлар енгил ва кенг, иложи борича белбоғсиз бўлиб, оёқ кийим эса енгил ва паст пошнали бўлса хомила яхши ривожланади.
Ҳомиладор аёл кўзи ёригунига қадар шифокор назоратида бўлиб, махсус машғулотларга қатнаши мақсадга мувофиқдир. Худудий поликлиникалар қошида бехатар оналик дастурини тарғиб қилиш мақсадида «Оналар мактаби» курслари ташкил этилган бўлиб, хомиладор аёл ва унинг оила аъзоларига хомиладорлик ва туғруқ тўғрисида тўлиқ маълумот берилади. Ҳомиладорлик даврида юзага келган баъзи бир хавотирли белгилар тўғрисида оила аъзоларини огоҳлантириш, ҳомиладорларни эса хотиржам қилиб, шифокорга мурожаат қилиши кераклиги айтилади. Хавотирли белгилардан бош оғриғи, қусиш, қон босимининг ошиши, тана ҳароратининг кўтарилиш, қорин соҳасидаги қаттик оғриқлар, қиндан қон, қоғоноғи ёрилиб сув кетиши, хомиланинг қимирламай қолиши, аёлнинг ўта оз пешоб қилиши ва бошқалар ҳисобланади. Бундай ҳолларда, албатта, зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш учун ҳомиладор аёлни туғруқхонага олиб бориш мақсадга мувофиқдир.
Қўлида чақалок кўтариб турган она қалби қанчалар мехр-шафқат ва муҳаббатга тўлиқ. Чақалоққа умид ва меҳр билан боқамиз. Унинг биринчи сўзини эшитганимизда, биринчи қадамини ташлаганини кўрганимизда қувониб кетамиз. Чунки унда бизнинг эртамиз, бизнинг келажагимиз мужассамдир.
Шоира
АҲМАДЖОНОВА,

тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими шифокори.

About The Author