Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож, кам таъминланган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида уй-жой сотиб олиш, қуриш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредитларига субсидиялар ажратилмоқда. Субсидиялар ипотека кредити бўйича дастлабки тўлов ёки фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун берилади.
Субсидиялар учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш жараёнини тезлаштириш мақсадида субсидия хабарномасининг муддати 12 ойдан 4 ойгача қисқартирилди. Шу билан бирга, субсидияни ўз вақтида ишлатмаган шахслар учун субсидия олиш учун қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи сақланиб қолди. Сиз 2025 йил 1-майдан 1-декабргача субсидия олиш учун ариза топширишингиз мумкин..
Субсидия кимларга берилади?
Субсидия аризалари аризачининг муайян ижтимоий гуруҳга мансублиги бўйича баҳоланади.
– кам таъминланган фуқаролар;
– оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёллар;
– мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар;
– сурункали касалликнинг оғир шакли билан оғриган ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонага муҳтож бўлган шахслар ёки ариза берувчининг оила аъзолари;
– ногирон оналар ёки ногирон болага ғамхўрлик қилаётган ёлғиз оналар;
– тўлиқ бўлмаган оилаларда фарзанд тарбиялаётган оналар, шунингдек, турмуш шароитини яхшилашга муҳтож кам таъминланган оналар; биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаролар;
– “Меҳнат – миграция” дастури бўйича рўйхатдан ўтган фуқаролар;
– уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож кам таъминланган оилалар; олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига ишлаш учун бошқа ҳудудлардан келган олий маълумотли мутахассислар ва (ёки) тиббиёт ходимлари;
– алоҳида ўрнак кўрсатаётган ёш оилалар (фан, санъат, адабиёт, спорт ва бошқа соҳаларда юқори натижаларга эришган, шунингдек, турли танлов ёки олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритганлар) субсидиядан фойдалана олади.
Субсидия икки йўл билан олиниши мумкин. Исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига шахсий мурожаат (аризачи номидан Давлат хизматлари маркази ходими иш олиб боради);
Ягона интерактив давлат хизматлари порталига электрон ариза юбориш (ариза берувчи ариза шаклини электрон шаклда мустақил равишда тўлдиради).
Давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП орқали ариза берувчиларга бепул хизмат кўрсатилади.
Субсидия олиш учун фуқаро 18 ёшга тўлган бўлиши керак. Агар фуқаро меҳнат мигранти бўлса, унинг номидан оила аъзолари ҳам ариза бериши мумкин.
Субсидия олиш учун ариза беришдан олдин тақдим этилаётган ҳужжатлар ва маълумотларнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилинг. Комиссия қуйидаги ҳолларда аризани рад этиши мумкин:
илгари уй-жой ва имтиёзли ипотека кредити бўйича субсидия олган оила аъзоларининг такрорий аризаси; тақдим этилган маълумотлар талаб қилинадиган ижтимоий мезонларга мос келмаса; жорий йилда ҳудудга ажратилган субсидиялар сони тугаганда; ўртача ойлик даромад миқдори комиссия талабларига мос келмаса.
Субсидия фақатгина уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади.
М. РАҲИМОВ.
Туман Адлия бўлими ЮХКМ бош юристконсульти.