«Тошлоқ тонги» — янги шакл, янги ёндашув: ижодий жамоа билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Тошлоқ туманидаги бош оммавий ахборот воситаларидан бири — «Тошлоқ тонги» газетаси эндиликда янгиланган шаклда фаолият юритишни бошлайди. Замонавий таҳририй ёндашувлар, кўргазмали дизайн, мазмунан бой таҳлиллар ва интерактив усуллар орқали газета ўз ўқувчиларига янгича тарзда хизмат қилади.
Бугун шу муносабат билан «Тошлоқ тонги» ижодий жамоаси билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Учрашувда туман раҳбарияти, маҳаллий ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этиб, таҳририятнинг фаолияти, дуч келаётган муаммо ва таклифлар муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида ижодий жамоа газетанинг техник таъминоти, ахборот манбаларга етарлича кириш имконияти, янги медиа технологиялардан фойдаланиш, маҳаллий материалларни тезкорлик билан тайёрлашдаги тўсиқлар ҳақида гапирди.
Шунингдек, журналистлар билан ҳамкорликни кучайтириш, жойлардаги воқеа-ҳодисаларни холис ёритиш, аҳоли овозини эшитиш ва маҳаллий ташаббусларни кенг жамоатчиликка етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Туман раҳбарияти таҳририятнинг янгиланиши ва ривожланишига ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканини билдириб, «Тошлоқ тонги» газетасини туман ҳаётининг ойнасига айлантиришда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув конструктив муҳокама ва ижобий таклифлар руҳида ўтди. Мазкур мулоқот «Тошлоқ тонги» таҳририятининг келгусидаги самарали фаолияти учун муҳим қадам бўлди.

About The Author