Бу йилги Наврўзнинг давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган шиор билан бошланиши ҳар бир қалбда шодлик ҳиссини уйғотмоқда. Дарҳақиқат, бу мунаввар айём — Наврўзи олам кейинги йилларда Ватанимизда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун”, деган ғояга ҳамоҳанг бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди.
Тошлоғимиз маҳаллалари, жамаот масканлари , қўйингки туманимизнинг барча жойида байрам шукуҳи кезмоқда. Йўллар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, барчаси байрамона тусга кирмоқда. Ободлик ва байрам кўнгиллардан бошланади. Байрам арафасида муҳтожларни йўқлаш, яқинлардан хабар олиш ҳам бир қадриятдир.
Ҳар йилдагидек байрам арафасида шаҳар ва туманларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш акциялари, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирлар амалга оширилади. Бу йилги Наврўз байрами муқаддас Рамазон ҳайити билан ҳамоҳанг нишонланаёганлиги инобатга олиниб, «Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» ғояси асосида кекса авлод вакилларини, хусусан, уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларидан, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ва кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиниб, турли хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.
Туман марказий ўйингоҳида бошланган байрам тадбирида унинг иштирокчилари томонидан халқимизга хос меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик фазилатлари яна бир бор намоён бўлди.
Марказий ўйингоҳга кириш қисмида туманимизнинг маҳаллий ҳунармандлари томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ташкилланган. Касаначилик буюмлари, миллий нақшлар билан безатилган санъат асарлари, баҳорий таомлар кўргазмалари томошабинлар эътиборини тортди.
Байрам дастурида боғча тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчиларининг чиқишлари, улар томонидан намойиш этилган рақс ва саҳна кўринишлари Наврўзнинг қадимий урф-одат ва анъаналарини ёрқин акс эттирди.
Туманимизнинг спорт мактаби ўқувчилари кураш, гимнастика ва бошқа спорт турлари бўйича кўргазмали чиқишлар намойиш этиб, томошабинларнинг олқишига сазовор бўлишди. Ёш спортчиларнинг чаққонлиги ва маҳоратли чиқишлари майдонда йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Тантанали тадбирда туман ҳокими Абдуқаҳҳор Джурабаев сўзга чиқиб, барча туман аҳолисини баҳор, яшариш ва янгиланиш айёми — Наврўзи олам билан самимий муборакбод этди. У ўз нутқида Наврўз халқимизнинг эзгу анъаналари ва миллий қадриятларини асраб-авайлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, юртдошларимизга тинчлик, фаровонлик ва баркамоллик тилади.
Тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова, таниқли санъаткорлар, шунингдек туман маданият бўлими хонандалари ижросидаги дилрабо қўшиқлар сайлни янада жонлантирди.
Туманимизда ўтказилган Наврўз сайли халқимизнинг эзгу қадриятлари, меҳр-оқибат ва бирдамлик туйғуларини яна бир бор намоён этиб, барча юртдошларимиз қалбига қувонч ва кўтаринкилик бахш этди.
А. НИШОНОВ,
“Тошлоқ тонги” мухбири.