Нилуфархон турмуш ўртоғи Пўлатжон Олимов билан томорқасидан унумли фойдаланиш мақсадида ўтган йили имтиёзли кредит олган эди. Олинган маблағ ҳисобига 2 сотихли ер майдонида иссиқ-хона барпо этиб помидор етиштирдилар. Томорқадан келган даромад оила тўкинлигига катта ҳисса қўшиши баробарида уларнинг доимий иш билан банд бўлишларига ҳам сабаб бўляпти.
Бу йил иссиқхонага фев-раль ойининг охирларида 600 туп “варданза” навли помидор кўчатларини экиб парваришлаган оила вакиллари май ойидан ҳосилни сотишни бошлагандилар. Айни кунларда ғарқ пишиб етилган помидор маҳсулотларининг бозори чаққон эканидан суҳбатдошларимизнинг хурсандчиликлари чексиз.
– Бу йил 2 тоннадан ошиқроқ ҳосил олиш ниятидамиз. Олаётган даромадимиз оиламизнинг тўкинчилигига катта ҳисса қўшаётир. Қолаверса шу йил келин тушириш ниятидамиз. Меҳнат қилган инсон борки кам бўлмаслигига ўзимиз мисолимизда гувоҳ бўлаётирмиз, – дейди биз билан суҳбатда Н. Олимова.
Янгийўл маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Тожихон Болтабоеванинг таъкидлашича ҳозирги кунда маҳаллада 300 тадан ортиқ хонадонда иссиқхоналар мавжуд. Бу дегани мана шунча оилада қўшимча иш ўрни, қўшимча даромад манбаи мавжуд.
Ҳ. ЯКУБОВА