Шифокор. Бу сўзни тилга олишингиз билан кўз олдингизда оппоқ халати ўзига ярашган, дардига даво истаб келган юзлаб беморлар жон малҳами, тан дармони, касбига ҳамиша содиқ, хасталар соғлигини қайта тиклаб уларни ҳаётга қайтаргувчи куйинчак, камтарин инсон қиёфаси гавдаланади. Улар ўз умри давомида неча-неча инсонларни дарддан фориғ этиб беморнинг оиласига қувонч бахш этган, бахтиёрлик олиб кирган олижаноб зотлардир. Улар дунёга келаётган жамики чақалоқлар дояси, дард билан олишаётган беморлар нажоткоридир.
Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ бўлимига қизим М. Шавкатовани вақтидан илгари оғриқ билан олиб келдик. Бўлимнинг маҳоратли, беморлар таъбири билан айтганда қўли енгил болалар шифокори Маъмурахон Дехқонованинг саъй-ҳаракатлари билан муддатидан илгари туғилган набирамни эсон-омон қўлимизга олдик. Ҳамширалар Нигорахон Мамадалиева, Муҳайёхон Нишоновалар чақалоғимизни астойдил парваришлаб, куну-тун парвона бўлдилар. Шундан кейин болаларимни бирлашманинг хаста чақалоқлар бўлимига ўтказишди. У ерда эса бўлим шифокори Гулнорахон Алиева жигарбандларимга ўз боласидек ғамхўрлик қилиб оёққа турғизди.
Бошингизга тушмагунича билмас экансиз. Дилбандларимни соғ-омон ўз уйларига боришларига қадар жонбозлик кўрсатган саломатлик посбонларига чин қалбимдан миннатдорлик билдираман.

Шарифахон МАМАЖОНОВА.
Заркент маҳалла фуқаролар йиғини.

About The Author