Судланувчи Раҳматжон Обиджонов ва Алиакбар Маназаровлар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Марғилон шаҳрида таваллуд топишган. Муқаддам Раҳматжонга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши ҳукуматимизнинг инсонпарварлик сиёсати туфайли тугатилган бўлсада у ўзига тегишли хулоса чиқариб олмаган экан. Ёнига Алиакбар Маназаров, Аброр Тошматов, вояга етмаган Шерали Муҳаммадовни жалб этиб ўзганинг мулкига талончилик йўли билан эга чиқиш мақсадида жиноятга қўл уради.
2023 йил 20 ноябрь куни соат 19:50да И. Раҳимовга тегишли “Нексия 3” русумли автомашинасининг давлат рақамини ечиб, А. Маназаровнинг бошқарувида Қўштепа тумани, Нурафшон МФЙ, Кичик Ўрикзор кўчасига бориб, кўчада телефон ўйнаб ўтирган вояга етмаган Обиджон Жўрабоев ёнига тўхташади. Ш. Муҳаммадов О. Жўрабоевдан телефон аппаратидан танишларига қўнғироқ қилиб олишини илтимос қилади. Нархи 6.800.000 сўмлик бўлган “XIAOMI 12T” русумли телефон аппаратини олиб рақам теришни бошлаганда А.Маназаров автомашинани юргизиб кетиб юборади. Жиноятчилар телефон аппаратини куппа-кундуз куни очиқдан-очиқ талон-торож қилишади.
Бундан ташқари Р. Обиджонов ва А. Маназаров такроран ўзганинг мулкини талончилик йўли билан талон-торож қилиш мақсадида А. Тошматов билан олдиндан тил бириктириб 2023 йил 24 ноябрь куни соат 22:30ларда И. Раҳимовга тегишли “Нексия 3” русумли автомашинада А. Обиджоновни бошқарувида Тошлоқ тумани, Пиёзчилик МФЙ, Бахмал кўчасига бориб, вояга етмаган Ҳожиакбар Қўчқоров ёнига тўхташади. А.Тошматов унга телефон аппаратидан танишларига қўнғироқ қилиб олишини илтимос қилиб нархи 1.500.000 сўмлик “Samsung Galaxy А13” русумли телефон аппаратини олганида, А. Обиджонов автомашинани юргизиб ушбу телефон аппаратини очиқдан-очиқ талон-торож қилишади.
Кейинги жиноят А. Тошматовга тегишли “COBALT” русумли автомашинада амалга оширилади. 2023 йил 26 ноябрь куни соат тахминан 19:20 ларда А.Маназаровни бошқарувида Қўштепа тумани, Ўқчи МФЙ, Ўқчи кўчасига бориб, вояга етмаган Жамолиддин Қосимов ёнига тўхтаб, А. Обиджонов унга телефон аппаратидан танишларига қўнғироқ қилиб олишини илтимос қилади. “Samsung Galaxy J4” русумли телефон аппаратини қўлига олиши билан А. Маназаров автомашинани ҳайдаб кетади. Жамолиддиннинг телефони ҳам очиқдан очиқ талон-торож қилинади.
А. Тошматов ўзига тегишли бўлган автомашинасида ўзгалар мулкини талон-тарож қилиш учун боришаётганини аниқ билгани, сотиладиган телефонлардан улуш олиш мақсадини кўзлагани учун жиноятни амалга оширишга ёрдам берган шахс сифатида намоён бўлади.
Жиноятчилар ушбу услуб билан Қўштепа, Тошлоқ туманлари, шунингдек Марғилон шаҳрида бир неча талон-тарожликни амалга оширадилар. Жабрланувчилардан тортиб олинган телефон аппаратларини гўёки ўзларининг телефонларини сотаётгандек телефон олди-сотдиси билан шуғулланувчи усталарга, хатто Наманган шаҳрига бориб сотиб келадилар. Энг ачинарли ҳолат бу жиноятларига вояга етмаган Ш. Муҳаммадовни ҳам жалб этишади.
Суд мажлисида Раҳматжон Обиджонов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси 3-қисми “а” банди ва 127-моддаси 3-қисми билан айбли деб топилди ва унга нисбатан уч йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Алиакбар Маназаров ҳам уч йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Ўз автомашинасини жиноят содир этилишини билгани ҳолда ижарага бериб турган А. Тошматовга уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда ашёвий далил тариқасида олинган “COBALT” русумли автомашина жиноят қуроли деб топилиб мажбурий ижро бюроси томонидан баҳолатилиб мусодара қилиш ҳамда сотувидан тушган маблағ ҳисобидан аввал чет эл капитали иштирокидаги “Ҳамкорбанк” АТБ Марғилон филиалидан олинган кредит қарзини қоплашга, қолган қисми давлат фойдасига ўтказиш белгиланди.
Вояга етмаган Шерали Муҳаммадовга эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида 3.300.000 сўм жарима жазоси тайинланди.
А. НУРАЛИЕВ,
Тошлоқ туман прокурори ўринбосари.

About The Author