Ўтган асрдан бизга «мерос» бўлиб қолган трансмиллий жиноятчиликнинг учта энг хавфли тури инсоният келажагига хавф солиб келмоқда. Хусусан халқаро терроризм, дин ниқоби остидаги экстремистик, фундаменталистик ва сепаратистик хуружлар, наркотик моддалар билан савдо қилиш (наркобизнес) ва одам савдоси.
Энг ачинарлиси, гиёҳвандлик оғир жиноятларнинг содир этилишига, оилалар ва миллат генофондининг бузилишига сабаб бўлмоқда. Статистик маълумотларга кўра дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Бунинг оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади. Шу боисдан гиёҳвандликка қарши қурашни кучайтириш мақсадида БМТ томонидан «Наркотик моддалар тўғрисида»ги, «Психотроп моддалар» ҳамда «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши қураш тўғрисида»ги конвенциялар қабул қилинган.
Тошлоқ туманида ҳам гиёҳвандликка қарши курашиш, наркотик моддалар савдосини олдини олиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Куни-кеча жиноят ишлари бўйича туман судида гиёҳвандлик моддаларини етиштиришга оид бўлган бир неча жиноий ишлар кўриб чиқилди. Хусусан туманимизнинг Бўстон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Ўзбекистон фуқароси, маълумоти ўрта, оилали, 3 нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган А. Абдурашидов (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) ўз хонадони томорқасида мевали дарахт кўчатларининг остида 1 кв.метр майдонда 85 туп кўкнори гиёҳванд ўсимлигини парваришлаб келган.
Бўстон маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи яна бир фуқаро 5 нафар фарзанднинг онаси М. Абдурашидова ҳам томорқасида 3 кв.метр майдонда 220 туп кўкнори гиёҳванд ўсимлиги етиштирган.
Шу маҳалланинг маълумоти ўрта, оилали, 6 нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, пенсионер фуқароси М. Комилов ҳам 2 кв.метр майдонда 125 туп кўкнори гиёҳванд ўсимлигини парваришлаб келган.
Ҳар уччала жиноий иш юзасидан ўтказилган суд экспертизасида улар томонидан парваришлаб ўстирилган ўсимликда опий гуруҳига мансуб бўлган гиёҳванд алкалоидлар-морфин, кодеин ва тебаин мавжуд бўлиб, бу ўсимлик “Кўкнори” ўсимлиги эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Суд мажлисида судланувчиларнинг ўз айбларига иқрор эканликлари, чин кўнгилдан пушаймонликлари ҳисобга олиниб М. Абдурашидовага ЖК 270-моддасининг 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 (йигирма беш) баравари миқдорида саккиз миллион беш юз минг сўм жарима жазоси, А. Абдурашидовга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириш белгиланган ҳолда бир йил олти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари, М. Комиловга ҳам базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида яъни саккиз миллион беш юз минг сўм жарима жазоси тайинланди.
М. Сиддиков,
жиноят ишлари бўйича туман судининг судьяси.

About The Author