Судланувчи Шаҳбоз Анваров (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) Чек МФЙ, Бахт кўчаси, 78-уйдаги қайнонаси Ҳ. Каримованинг яшаш хонадонида турмуш ўртоғи Дурдона Анварова бегона эркак билан телефон орқали гаплашаётганидан гумон қилиб тунги соат 03:30ларда турмуш ўртоғи унга хиёнат қилганлиги ҳақидаги гаплари юзасидан жанжаллашиб, рашк қилиши оқибатида қўллари билан диванда ётган Д. Анваровани бўйнидан бўғиб, қасддан ўлдирган.
Оила ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақлайдиган, миллий қадриятларнинг ривожини таъминлайдиган, янги авлодни дунёга келтириб, уни маънавий ва жисмоний баркамол қилиб тарбиялайдиган жамиятнинг асосий негизи ҳисобланувчи муқаддас маскандир.
Жамият тараққиётини ҳаракатга келтирувчи асосий ҳужжат бўлган қомусимиз – конституциямизда оила масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Унда: «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга» – деб ёзилган.
Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, турмушнинг дарз кетиши ва у билан боғлиқ можаролар, айрим хонадонлардаги мавжуд нотинч маънавий-руҳий муҳит натижасида содир бўлаётган никоҳдан ажралишлар, оилавий жанжаллар, эр-хотиннинг бир бири ҳаётига суиқасд қилиши бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътиборни талаб қилувчи ҳолатдир. Бундай ҳолатнинг вужудга келиши бош омили – уларнинг ҳуқуқий билимга етарли эга эмасликлари, ҳуқуқий саводхонлик даражасининг пастлигидан ва маънавиятсизлигидан далолат беради.
Суд мажлисида Ш. Анваров айбига қисман иқрорлик билдириб, ҳақиқатан ҳам марҳум Дурдона Анварова билан 2023 йилнинг сентябрь ойидан турмуш ўртоғининг яшаш хонадонида яшай бошлаганлиги, марҳума турмуш ўртоғи уни сенсираб, ҳақорат қилиб муомала қилиши, кечалари телефонда бошқа эркаклар билан ишқий мазмунда гаплашиб келганлиги сабабли жиноятга қўл урганини билдиради.
Жиноят содир этилишидан 4-5 кун аввал кечаси бегона эркак билан телефонда гаплашганини эшитиб қолиб, унга бундай қилмаслигини айтганида, турмуш ўртоғи хоҳлаган ишини қилиши ўзига боғлиқлигини айтганлиги Ш. Анваровнинг иззат-нафсига тегади.
Хотинини ашёвий далил билан ушлашни режалаган Шаҳбоз ўзини уйқуга солиб ётганда турмуш ўртоғининг телефони тун ярмида жиринглайди. Д. Анварова нотаниш эркак билан тахминан 20 дақиқа ишқий муносабатда гаплашишгани, суҳбат давомида бегона эркакни “жоним, асалим” деб эркалатиб суҳбатлашгани Ш. Анваровнинг ўзининг тута олмаслигига сабаб бўлади.
Суд мажлисида жабрланувчининг қонуний вакили Ҳадичахон Каримова марҳума қизи турмуш ўртоғи Ш. Анваров билан жанжаллашиб алимент пуллари ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилгани, суднинг ажримига асосан алимент ундириш белгилангани, аммо Ш. Анваров алимент пулларини тўламаганлиги сабаб суднинг қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққани, сўнг унга қўнғироқ қилиб, ўзини ва қизини ўлдиришини айтиб пўписа қилганлиги, аммо буни тасдиқловчи аудиоёзув ёки бошқа далилларини келтира олмади.
Қизи ва Ш. Анваров бирга яшай бошлашгандан кейин куёви бошқа қизлар билан гаплашгани сабабли қизи ҳам уни жаҳлини чиқариш мақсадида бегона эркаклар билан гаплашишини, аммо улар билан бирон-бир муносабатга киришмаганини, бошқа гувоҳлар эса Шаҳбознинг турмуш ўртоғи жанжалкаш эканлиги, бегона эркаклар билан телефонда гаплашиб юришлиги, жиноят содир этилишидан бир ҳафта олдин Д. Анварова бошқа эркаклар билан телефонда гаплашаётгани ҳақида эшитиб, бу ҳақида ўзидан сўраганида, турмуш ўртоғини жаҳлини чиқариш учун шундай қилаётганини айтгани, унга бундай қилиши яхши эмаслигини, турмуш ўртоғи ўлдириб қўйиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиргани ва яна айримлари уларнинг хонадонида ўзаро уруш-жанжаллар бўлганини эшитмаганликларини билдиришган.
Жиноят қайси мотив билан амалга оширилган бўлса ҳам жиноят. Унинг учун жазо муқаррар. Суд унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан ўн уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

А. АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси Прокуратура органлари тергов тармоқлари фаолияти устидан назорат бошқармаси катта прокурор-криминалисти.
У. АБДУСАТТОРОВ,
Фарғона вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими АМИБ терговчиси.

About The Author