Ўтган йилнинг январь ойида 15 нафар ишчи билан фаолиятини бошлаган “WAKKAS” текстил масъулияти чекланган жамияти россиялик Каддо Хусейн Мустафанинг юртимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиши эвазига барпо бўлди. Асосан аёллар кийим-кечакларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонада бугунга келиб 90 нафар ишчи ходимлар доимий иш билан банд.
Корхона маҳсулотлари 100 фоиз Россия давлатига экспорт учун мўлжалланган. Ёз ойларида 25 минг донагача турли маҳсулотлар, ҳозирги кунда ойига 15 минг дона халат, 7 минг дона шалвар экспорт қилиняпти.
– Корхонага жорий йил бошида Бизнесни ривожлантириш банкидан 100 миллион сўм миқдорида кредит ажратилган бўлиб унинг эвазига четдан қўшимча тикув машиналари харид қилиниб ишчи ўрни кенгайтирилди, –дейди Шодлик МФЙ ҳоким ёрдамчиси Машҳурбек Каримов.
Бугун нафақат Шодлик, балки туманимизнинг бошқа маҳалла фуқаролар йиғинларидан ҳам ишлаш истагида келган фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
– Ходимларимизнинг асосий қисмини хотин-қизлар ташкил этади, – дейди корхона иш бошқарувчиси Мадинахон Ибрагимова. – Тикувчиликда тажрибаси бор аёллар билан бирга, ҳунари йўқ аммо ишлашга эҳтиёжи бор бўлган хотин-қизларни ҳам иш билан банд қилмоқдамиз. Уларга дастлаб уста шогирд анъаналари асосида ҳунар сирлари ўргатилиб сўнг иш билан банд қилинадилар.
Юлдузхон Зулфиева ҳозирда корхонада уста бўлиб ишлайди. Дастлаб андаза тайёрлашдан иш бошлаган. Сўнг тайёр маҳсулотларни назоратдан ўтказувчи вазифаларида ишлаб ўзининг маҳоратини кўрсата билгани боис уста вазифасига тайинланган. Бугун корхонада у каби фидойилик билан ишлаб келаётган Дилоромхон Тошбоева, Мавлудахон Рўзиматова, Матлубахон Мўминова, Гулчеҳрахон Йўлбўлдиева, Бобуржон Мелибоев сингари бир гуруҳ ишчилар ҳам борки уларнинг меҳнатлари доимий рағбатлантириб келинмоқда. Корхонада шунингдек ишчилар учун бир маҳал иссиқ овқат ва транспорт хизмати ҳам йўлга қўйилган.
Корхонада ишчилардан маҳсулот сифатли бўлиши учун ҳар битта босқичга алоҳида эътибор билан қараш талаб қилинади. Тикув, дазмол, қадоқ, тозалаш ва назорат учун ҳам ходимлар бириктирилган. Сўнгги босқичда эса маҳсулотлар тўлиқ назоратдан ўтгач, буюртмачи учун тайёр ҳолатга келтирилади.
Тез кунларда Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам корхона филиали ишга туширилиши арафасида. Туман ҳокимининг ҳудуддаги бўш турган бинони тадбиркорга ижара шартномасиз бериши эвазига мазкур жойда яна 100 нафар фуқаролар учун иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда.
Корхона масъуллари билан суҳбатимиз чоғида келгусида фаолиятни янада кенгайтирган ҳолда нафақат Россия Федера-цияси, балки бошқа давлатларга ҳам экспортни йўлга қўйиш истагида эканликларини таъ-кидлашди. Бу эса “WAKKAS” бренди маҳсулотлари кўплаб хорижий давлатларда харидоргир бўлади деганидир.
Ҳуснидахон Якубова,
“Тошлоқ тонги” мухбири.

About The Author