27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни юртимизда ижод аҳли, журналист ва таҳририят ходимлари, ахборот соҳаси фидоийлари учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган сана ҳисобланади.
Юртимизда оммавий ахборот воситалари фаолияти сўнгги йилларда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг: «Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур. Бу — замон талаби, ислоҳотларимиз талаби» деган сўзлари бу соҳадаги муҳим бурилишни англатади.
Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда матбуот ва ОАВнинг жамиятдаги роли янги босқичга кўтарилди. Ошкоралик, сўз эркинлиги, жамоатчилик назорати, холис таҳлил ва теран фикр – буларнинг барчаси бугунги журналистиканинг ажралмас қисмидир.
Халқимизнинг асрий орзуси бўлган Ўзбекистон мустақиллигининг эълон қилиниши барча соҳаларда бўлгани каби миллий матбуотимизда хусусан “Тошлоқ тонги” газетаси таҳририяти фаолиятида ҳам янги даврни бошлаб берди. Айниқса сўнгги 6-7 йил давомида давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев йўлбошчилигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида барча соҳаларда амалга ошира бошланган оламшумул истиқболли ислоҳотлар, дунёга танилиб халқаро обруси йил сайин юксалиб бораётган Ватанимизда инсон манфаатлари учун олиб борилаётган халқчил сиёсатнинг мазмун-моҳияти, ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги ёрқин ўзгаришларни журналистларимиз катта мамнуният билан тараннум этиб келмоқдалар.
Бугунги тезкор даврда «Тошлоқ тонги» газетаси таҳририяти ҳам ўзининг фаол ва масъулиятли позицияси билан туман тараққиётида муносиб иштирок этмоқда. Газета саҳифаларида мамлакатимизда, вилоятимизда, хусусан Тошлоқ туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жамият ривожида фаол фуқароларнинг ютуқлари, долзарб масалалар ва ҳаёт ҳақиқатлари ўқувчиларга холис тарзда етказиб борилмоқда.
Бугунги кунда “Тошлоқ тонги” интернетда ҳам ўз ўрнини мустаҳкамламоқда. Газетанинг FlipHTML5 платформасидаги рақамли нашри, шунингдек, Telegram, Facebook, Twitter каби ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ахборот тарқатишда замонавий ёндашувларнинг амалдаги намунасига айланди.
Кундалик ҳаётимизни тарихга беғараз муҳрлайдиган, ахборотларининг тўғрилиги ва ҳаққонийлигини кафолатлайдиган, даврнинг қиёфасини ҳам жамият, ҳам халқаро нуфузда кўрсатиб келаётган оммавий ахборот воситалари ҳамиша ўз ўқувчисига эга эканлигини таъкидлагимиз келади. Туманимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий газетаси бўлган “Тошлоқ тонги” газетаси кўп йиллардан буён бу вазифани сидқидилдан адо этиб келмоқда. Газета юзини кўраётган сермазмун мақолалар, туманимиз, вилоятимиз, республикамиз ҳаётидаги янгиликлар таҳлили, дунёда юз бераётган турли воқеа ҳодисаларга муносабатлар, муҳими тошлоқликларнинг янги Ўзбекистонимиз ривожига қўшаётган ҳиссалари ўз аксини топаётган чиқишлар буни кўрсатиб турибди.
Газета таҳририяти ўз фаолиятини халқ билан ҳамкорликда ташкил этмоқда. Унинг обунаси ва ахборот манбаларида маҳаллий ташкилотлар фаол иштироки эътиборга лойиқ. Жумладан, Тошлоқ тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси, санитария-эпидемиология осойишталик маркази, сув хўжалиги, мудофаа ва адлия бўлимлари газета билан яқин ҳамкорлик ўрнатган.
Шунингдек, таҳририят билан мунтазам алоқада бўлиб, ҳаётий мавзу ва долзарб воқеалар юзасидан мақола, мулоҳаза, фикр ва таклифлар йўллаб келаётган фаол қаламкашлар — туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мактаблар бўлими раҳбари Н. Қодиров, ХДП туман ташкилоти раҳбари Т. Солиев, туман санитария эпедемиология осойишталик маркази бош врачи Р. Матқулов, туман тиббиёт бирлашмаси Саломатлик ва стратегик ривожланиш бўлими мудири О. Ҳокимова, меҳнат фахрийлари М. Тешабоев, Р. Ўринов каби ҳамкорларнинг ҳиссаси алоҳида эътирофга лойиқ.
Бугунги кунда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда, журна-лист ва блогерларнинг ҳуқу-қий ва маънавий ҳимояси таъмин-ланмоқда, уларнинг фаоллигига катта рағбат берилмоқда.
Айни пайтда “Тошлоқ тонги”да муҳаррир ўринбосари Абдураҳмон Нишонов, адабий ходимлар Ҳуснидахон Якубова, Шоҳистахон Раҳимовалар устозлар анъанасини давом эттириб самарали фаолият кўрсатиб келмоқдалар.
Матбуот – жамият юраги ва кўзгусидир. Уни соғлом, холис ва очиқ тутиш — фақат журналистлар эмас, балки бутун жамиятнинг вазифасидир. 27 июнь – фақат бир байрам куни эмас, балки ОАВнинг жамиятдаги ўрнини яна бир бор англаш, қалам аҳлига раҳмат айтиш ва масъулиятни ҳис қилиш кунидир.

About The Author