Туманимиз ғаллакорлари буғдой ўримини қизғин бошлаб юбордилар. 5070 гектар майдонда деҳқончилик қилиб 13600 тоннадан ортиқ буғдой етиштиришни мақсад қилган ғаллакорларимизнинг дастлабки натижалардан кўнгиллари тўқ. Ташкилланган 15 та ўрим-йиғим отрядлари тасарруфига киритилган ўрим комбайнлари, дон ташиш техникаларининг иш унуми юқори бўлишига эришиляпти.
Деҳқонларимизнинг йил ўн икки ой қилган сидқидил меҳнатлари ўз рўёбини топиб буғдойзорларимиздан ғалла ҳосили йиғиштириб олинаётган экан унинг ўз вақтида ўрилиб қабул жойларига етказилишида ўрим отрядларининг аҳамияти беқиёс. Чунки фермер даласидаги ҳосилнинг тезроқ ўриб олиниши, шартнома режасини уддалаб эл-юрт олдида юзи ёруғ бўлишини истайди. Ана шундай паллада ёрдамга келган ўрим отряди комбайнчию ҳайдовчилари, мутахассисларига деҳқоннинг миннатдорчилик сўзлари ҳам кўп бўлади.
Одилхон Мажидов раҳбарлик қилаётган 9-ўрим-йиғим отряди шу кунгача «Умидли тонг файзи», «Аминжон бува МРМ» сингари фермер хўжаликларида ғаллани ўз вақтида, нест-нобудсиз йиғиштириб олинишида сидқидилдан ёрдам бердилар.
Отрядда бир кунда 60-70 тонна атрофида буғдойнинг ўриб янчилишига эришиляпти. Бу ҳам бўлса жамоада уюшқоқликнинг таъминланаётганлиги, комбайнчи ва ҳайдовчиларнинг ҳар дақиқадан оқилона фойдаланаётганликлари самарасидир. «Доминатор Класс” русумли ўрим комбайнини бошқараётган Аслжон Сотволдиев ҳамда Асадилло Каримовлар агрегатнинг бир текис ишлашини таъминлаяптилар.
Ҳайдовчилардан Қудратилло Жабборов, Раҳматилло Қўчқоров, Ахрор Усмонов, Ўлмасали Шералиев, Мансуржон Ўсаров, Нодирбек Шокиров, Муҳриддин Бўроновлар ўриб янчилган донни пешма-пеш қабул жойига элтилишида жонбозлик кўрсатишяпти.

About The Author