Фарзандлар учун борлиғини фидо қилган оналардек улуғ зотга бўлган юксак эҳтиромни намоён этиш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг онги шуурида ота-онага ҳурмат, фарзандлик бурчларини адо этиш, уларни қадрлаш каби фазилатларни шакллантириш каби ғояларни ўзида мужассам этган “Оналарга эҳтиром” фестивали бу йил ҳам кўтаринки руҳда юртимиз бўйлаб нишонланиб келинмоқда. Май ойидан бошлаб фестиваль доирасида тумандаги барча корхона ва ташкилотларда, таълим, соғлиқни сақлаш муассасаларида, ишлаб чиқариш ва саноат корхоналарида, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа жабҳаларда оналарни қадрлаш ва улуғлашга қаратилган турли тадбирлар ташкил этиляпти.
Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида фестиваль доирасида алоҳида режа-жадвал ишлаб чиқилиб, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Бунда “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган аёллар, шунингдек, ногиронлиги бор ҳамда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, ёши улуғ онахонларни эъзозлаш бўйича маҳалладаги ёшлар билан учрашувлар ҳам ташкилланаётир.
Куни-кеча тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият кўрсатиб келаётган хотин-қизлар фаолларининг волидаи муҳтарамалари иштирокида навбатдаги тадбир бўлиб ўтди. Тўкин дастурхон атрофида жам бўлган онахонларни туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Умидахон Марасулова самимий қутлаб, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг туб замирида мўътабар оналаримиз, меҳрибон аёлларимизни эъзозлаш, розилигини олиш, бахтли яшашларини таъминлаш мақсадлари мужассам эканини қайд этди. Шунингдек тадбир иштирокчилари бўлган мўнис ва мўътабар онахонларни туман ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда совғалари билан тақдирлади. Тадбирга туман маданият уйи санъаткорларининг дилтортар тароналари янада файз киритди.
Ҳуснидахон Якубова.

About The Author