Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ ФФ илмий ишлар ва инновациялари бўйича директор ўринбосари ва “Табиий фанлар” кафедраси профессори Бахтиёр Полвонов Университетимизнинг Фарғона филиали тарихида илк бор Ўрта Осиё Халқлари Тарихи институти Турон Фанлар Академиясининг қарори билан Турон Фанлар Академиясининг хақиқий аъзоси этиб тайинланди. Ушбу юксак унвонни ўз эгасига топшириш учун Университетнинг Фарғона филиалига ташриф буюрган Турон Фанлар Академияси раҳбари, академик Фозилжон Мамадалиев устозимизга тантанали равишда академиклик гувоҳномасини топширди.
Физика – математика фанлари бўйича фалсафа доктори Б. Полвонов ўз меҳнат фаолиятини ФарДУнинг физика – техника факультети ярим ўтказгичлар ва диелектриклар кафедрасида шогирд – тадқиқотчи вазифасидан бошлаган. Бахтиёр Полвонов 2017 йилда Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Физика – техника илмий тадқиқот институти қошидаги ихтисослашган илмий Кенгашда “SdTe, SdTe:In асосидаги яримўтказгич структураларда паст ҳароратли фотолюминесценция” мавзусида физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори диссертациясини муваффаққиятли ҳимоя қилади. Олинган натижалар асосида 1 та монография, 50 дан ортиқ илмий мақола (18 та хорижий), 20 та конференция материалларида маъруза тезислари (10 дан ортиқ халқаро ва хорижий) эълон қилинган. 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан “Фотоволтаик пленкалар олиш усули” мавзусидаги ихтирочилик иши учун патент – гувоҳномани қўлга киритади.
Устоз илмий тадқиқот ишлари доирасида Япония, Ҳиндистон, Россия, Бангладеш давлатларининг нуфузли олийгоҳларида ўзаро тажриба алмашиш, маърузалар қилиш ҳамда малака ошириш курсларида фаолият юритган. Бундан ташқари республика олийгоҳлари профессор – ўқитувчиларининг нуфузли чет эл университетларида ўзаро тажриба алмашиш ва малака оширишларини қўллаб – қувватловчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси танлови ғолиби ҳамдир.
Шунингдек тадбирда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Фарғона филалида намунали ва сермаҳсул хизмат қилган устозлар “Табиий фанлар” кафедраси мудири Дадахон Тўхтасинов ва “Дастурий инжиниринг” кафедрасининг катта ўқитувчиси Муҳаммадилло Асраев университетнинг рамзий белгиси туширилган “Олтин ва Кумуш” кўкрак нишони билан мукофотланди.
Тадбир давомида илмий салоҳияти билан талабаларга ўз билимини юқори савияда бериб келаётган профессор устозлар ҳам тақдирландилар.
Зуҳрахон РАҲИМОВА,
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ ФФ таҳририй нашриёт бўлими муҳаррири.

About The Author