Ривожланган ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки муайян ютуқларга эришиш, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Беш ташаббус. Президентимиз томонидан илгари сурилган бу ташаббус минглаб ёшларимизнинг ўз иқтидорлари, имкониятларини юзага чиқариш учун янгидан-янги шароитлар яратиб бермоқда. Зеро, жамият тараққиётида, юрт, миллат тақдирида ўсиб келаётган ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий баркамоллиги, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш муҳим ўрин тутади.
Туманимизда “Беш ташаббус” доирасида бир қатор интеллектуал ва спорт мусобақалари изчил белгиланган режа доирасида амалга ошириб келинмоқда. Бу йилги мусобақаларда туманимиз ёшлари “Заковат” ўйинлари, спортнинг волебол, футбол мусобақаларида яхши натижаларни кўрсатдилар. Беш ташаббуснинг 1-йўналиши бўйича туманимизнинг ёш иқтидорларидан бири Муслимахон Акбаралиева фаол иштирок этиб республика босқичида ҳам фахрли ўринни эгаллади.
Сўкчилик маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Бобуржон Акбаралиевлар оиласи зиёлилиги, аҳиллиги ва фарзандларининг илм олишга бўлган алоҳида эътиборлилиги билан ажралиб туради. Уларнинг катта фарзанди Муслимахон Акбаралиева Марғилон шаҳридаги 27-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олиш билан бирга шаҳардаги 8-сонли мусиқа ва санъат мактабида ҳам санъат сирларини эгаллаб келяпти. Эндигина 8-синф ўқувчиси бўлган Муслимахон 2017 йилда Марғилон шаҳрида ўтказилган “Мардлар қўриқлайди ватанни” кўрик-танловида 2-, 2018 йилда “Ёшлар келажак бунёдкори” шиори остида ўтказилган ёш қўшиқ ижрочилари кўрик-танловида 1-ўринни, 2018-2019 йилларда ўтказилган “Камалак юлдузлари” кўрик-танловида 1-ўринни эгаллаган эди. Беш ташаббус доирасида ўтказилган “Ёшлар овози” танловининг “Анъанавий ижро” йўналишида эса нафақат туманимизда, балки республикада ҳам ғолиблар сафидан ўрин олди.
Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтган “Bo’zatov FEST» ёшлар овозида фахрли учинчи ўринни эгаллаб 20 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Ибодатхон МАЪРУПОВА,
Сўкчилик маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси.