Журналист, ҳикоянавис, телевидение суҳандони сифатида тобора халқимизга танилиб бораётган ёш ижодкор Мадаминжон Солижоновнинг илк китоби нашрдан чиқди.
Мадаминжон илк ижодини мактаб даврлариданоқ бошлаган. Дастлаб қўлида шеър ёки мақоласини кўтариб ўзгача ҳаяжон билан таҳририятимизга кириб келган кунлари ҳамон ёдимизда. Унинг бу соҳага бўлган қизиқишини ёзиб келган ижод намунасини таҳрир қилганимизда ҳар бир хатоси устида ишлаб келгуси гал буни такрорламасликка ҳаракат қилишидан ҳам билиш қийин эмас эди. Дастлабки ижоди “Тошлоқ тонги” газетаси вароқларидан жой олганидаги қувончининг чексизлигига ўзимиз гувоҳ бўлганмиз. Бугун эса унинг китоб муаллифи сифатида қувончини биз билан баҳам кўриш мақсадида келгани бизни кўкларга кўтарди.
Қадим Шоҳимардон заминида 1998 йилда рўй берган сув тошқини воқеаларини ўз ичига олган “Оқ аждаҳо ҳамласи” қиссасида қанчадан-қанча одамлар ҳаётига зомин бўлган йирик табиий офат воқеалари бирма-бир тасвирланади.
Дарҳақиқат бундан чорак аср аввал бўлиб ўтган Шоҳимардон воқеасидан ларзага келмаган инсон йўқ. Кимнидир қўшниси, кимнида қариндоши ва яқини бу ҳалокатдан азият чекиб ҳозиргача бу воқеани эсласа юраги жунбушга келади. Бу қисса шунчаки бадиий тўқима эмас, балки тарихий ҳодисани ўз ичига олганлиги боис ҳам ёзувчидан ҳушёрликни, чуқур билим ва тафаккурни талаб қилади. Мадаминжон воқеликларни бирма-бир таҳлил қилишдан аввал тарихга назар солиб, ҳодисани обдон ўрганади. Шоҳимардонга такрор-такрор бориб, ўша ҳодисага гувоҳ бўлганлар билан суҳбатлашади, ўша пайтда чиққан мақолалар билан танишиб чиқади. Бунининг натижасида эса мукаммал бир асар “Оқ аждаҳо ҳамласи” қиссаси вужудга келади.
Қиссани ўқир экансиз ижодкорнинг маҳорати боис ўзингизни гўё воқеликлар қатнашчисидек ҳис қиласиз. Шоҳимардоннинг сўлим гўшалари-ю, тоғу-тошларини, шарқироқ сой-у анҳорлари кўз ўнгингизда намоён бўлади. Ижодкор ёш бўлишига қарамай бу воқеалар шунчаки бўлмаганини, балки азиз авлиёлар қадами етган бу муқаддас заминни баъзи аҳлоқи бузуқ кимсалар маишатпарастлик масканига айлантириб юборишгани ҳам сабаб бўлиши мумкинлигига ишора беради. Асарда ёнғин чиқса хўл-у қуруқни баравар ёндиргани каби тошқин ҳам аҳлоқсиз кимсалар билан бирга ҳалолу пок инсонларни ҳам ўз домига тортиб кетгани афсус билан тилга олинган. Ҳар бир қаҳрамоннинг характерини очиб бера олган ижодкор асарини ўқир экансиз кимнидир ўз яқинигиздек ёқтириб қоласиз. Яна кимгадир ич-ичингизда нафрат уйғонади.
Сиз азизларга ҳам бу китобни ўқишингизни тавсия қиламиз. Ёш ижодкор М. Солижоновнинг истеъдоди ва меҳнатига юксак баҳо берганимиз ҳолда келажакда ундан катта-катта асарлар кутиб қоламиз.

«Тошлоқ тонги» ижодий жамоаси.

About The Author