Мамлакатимизнинг ривожланиши, равнақ топиши учун ҳар бир фуқаро юртини севиши, унинг ривожланишига дахлдорлик ҳисси билан яшаши лозим.
Мен бир тадбиркор сифатида аввало оиламнинг фаровонлигини таъминлаш баробарида давлати-миз иқтисодига, янги иш ўринлари яратиш орқали ишсизлик масалаларини бартараф этишга ҳисса қўшишни ният қилганман. Давлатимизда биз тадбиркорлар учун барча шароит ва имкониятлар яратилган. Бу имтиёзлардан фойдаланмасликнинг ўзи бир лоқайдлик десам муболаға бўлмайди.
2021 йилда туманимизда “Раййона бизнес таъмир” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилдик. Бу орқали дастлаб атрофимиздаги ишсиз яқинларимизни иш билан таъминлаган бўлсак ҳозирги кунда 240 дан ортиқ фуқароларнинг бандлигини таъминламоқдамиз.
Тармоғимизни кенгайтирган холда иситиш қозонлари, барча турдаги мебель маҳсулотлари ҳамда пишган ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Маҳсулотларимизни ҳозирча ички бозор учун тайёрламоқдамиз. Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизга талаб кун сайин ортиб, даромадимиз ҳам шунга яраша ошиб бораётир. Бу эса бизни яна янги ғоялар устида ишлашга, изланишга ундамоқда.
Куни-кеча давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифлари давомида тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги фикр-мулоҳазалари бизни янада илҳомлантирди.
Давлатимиз раҳбари раислигида иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш юзасидан биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифаларга бағишланган видео-селектор йиғилишида “Ютуқларимиз ҳақида кўп гапириш мумкин. Дунёдаги оғир шароитга қарамасдан барқарор иқтисодий ўсиш йўлида аниқ натижаларга эришаяпмиз.
Буни Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, ҳамкор давлатлар раҳбарлари, рейтинг ташкилотлари, йирик инвесторлар ҳам эътироф этаяпти”, деган сўзлари бизни янада олға интилишга давъат этади.
Юртбошимизнинг “Тадбиркорлик учун 82 триллион сўм кредит ва 15,5 триллион сўм субсидия берилиб, 600 минг аҳоли бизнесга жалб қилинди. Берилган енгиллик ва имтиёзлар ҳисобига тадбиркорлар ихтиёрида 56,3 триллион сўм маблағ қолди. Йил бошидан 3,5 миллиард долларлик 3 мингта лойиҳа ишга тушиб, 76 мингта юқори даромадли доимий иш ўрни яратилди” деган фикрларидан ўзимизга керакли хулосани олиб янги-янги ғояларни ишга туширишни режалаштирдик.
Хусусан тез кунларда тумани-миз ҳудудидаги 50 гектар майдонда Туркия давлати билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш корхонасини барпо этиш ниятидамиз. Бу ишларга ҳамкор давлат томонидан 2 миллион долларлик сармоя киритилади. Корхонада янгича, замонавий ақлли қозонлар яратишни ва тикувчилик цеҳи орқали кийим-кечаклар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу орқали бошланишида 100 нафар янги иш ўрни яратиш ниятидамиз. Келишувга асосан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар 100 фоиз хорижга экспорт қилинади. Кейинчалик соҳани кенгайтиришни ҳам олдимизга мақсад қилиб олдик.
Юртбошимиз биз тадбиркорларни шундай қўллаб-қувватлар экан ишончни оқлаш ва имкониятлардан оқилона фойдаланиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз эканини унутмаслигимиз лозим.
Мирқодир БОБОҚУЛОВ,
“Раййона бизнес таъмир” МЧЖ раҳбари.

About The Author