Мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёев вилоятимизга қилган ташрифларида ёш авлод қалби ва онгига она юртга муҳаббат ва садоқат, бугунги тинч-осойишта ҳаётимизни қадрига етиш ва шукроналик туйғуларини чуқур сингдириш ишларини янги босқичга кўтариш мақсадида Қўқон ва Марғилонда нуронийлар, имом-хатиблар, маҳалла фаолларидан иборат Оқсоқоллар кенгаши ва ота-оналар гуруҳларини тузиш таклифини илгари сурдилар.
Дарҳақиқат ҳозирги мураккаб ва шиддатли замонда маънавий-маърифий ишларнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини ҳисобга олиб, бу соҳани янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида” ҳамда “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қабул қилинган Президент қарорлари ҳам айни шу соҳадаги вазифаларни самарали ҳал этишга қаратилгандир.
Менимча Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этиладиган нуронийлар, имом-хатиблар, маҳалла фаолларидан иборат Оқсоқоллар кенгаши ва ота-оналар гуруҳлари нафақат Марғилон ва Қўқон шаҳарларида, балки туманимизда ҳам ташкилланса тарбияси оғир ёшларни тўғри йўлга солиш, маънавиятни янада тарғиб этишда яхши натижаларга эришишимиз мумкин бўларди. Тарбияси оғир ёшларни тўғри йўлга солиш, адашган, мураккаб вазиятга тушиб қолган ёшларга ўз ўрнини топишида ёрдам бериш, уларни маърифатга чорлаш, маънавиятини юксалтириш бўйича туманимизда ҳам ўзига хос тажриба яратилган. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги таълим муассасаларида оила, маҳалла, мактаб, ота-она ҳамкорлиги бўйича кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти. Туман маънавият ва маърифат маркази томонидан “Ёшлар оқшоми”, “Янги Ўзбекистон – маърифатли ёшлар нигоҳида”, “Биз бир бўлсак ягона халқмиз, бирлашсак ватанмиз!” мавзуларида тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Х. СОЛИЕВА,
2-умумий ўрта таълим мактаби маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.