Байрам ва тўй-ҳашамларда дастурхонларни турли пишириқлар ва ширинликлар безаб туради. Уларни тайёрлаш, мазасидан баҳраманд бўлиш завқли жараён. Қандолат маҳсулотлари санъат асари сифатида ҳам турли безак ва декорациялар учун фойдаланилмоқда. Яратилган бу санъат асарларини лаззат беришидан кўра уни томоша қилиш ўзгача завқ беради кишига.
Туманимизда қандолатчиликда ўзига яраша тажриба тўплаб соҳани ривожлантириб тадбиркорлигини бошлаганлар кўпчиликни ташкил қилади. Гулнорахон Сотқинова ҳам бу борада кўпчиликка ибрат бўлиб келаётган қандолатчилардан бири. У туман «Баркамол авлод» болалар мактаби томонидан Қумариқ маҳалла фуқаролар йиғини Ҳожи ота маҳалласида очилган «Ёш қандолатчи» тўгарагига раҳбарлик қилади. Моҳир қандолатчи ҳар йили 60 тадан ортиқ ўқувчиларни шогирдликка олади.
Аввалига тадбиркор қандолатчилик борасидаги ишларини бошлаши учун 20 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб миксер, печ, музлатгич, замонавий ошхона мебели ва шогирдлари учун стол-стул харид қилган. Г. Сотқинова бугунги кунда берилган имтиёзли кредит сабабли яхшигина тадбиркорга айланди.
Гулнорахон тўгарак раҳбарлиги билан чекланиб қолмай буюртмалар асосида турли қандолат маҳсулотларини тайёрлаб юртдошларимиз дастурхонини ширинлик маҳсулотлари билан безамоқда. Шу туфайли ҳам кунига ўндан ортиқ торт ва турли хил турдаги ширинлик маҳсулотлари учун буюртмаларни қабул қилади. Айниқса байрам кунлари иш қизғин тус олганлиги сабабли тайёрланадиган тортлар сони 200 дан ортиб кетади.
Тадбиркорнинг бу саъй-ҳаракатлари оиласи даромадига қўшимча даромад бўлиб қўшилмоқда. Қилаётган меҳнатлари самараси шогирдлари, уларнинг ота-оналари томонидан айтилаётган ташаккурларидан сезилади.

– Мен барча шогирдларимдан жуда хурсандман. Чунки «кам бўлмаймиз бизлар ҳеч ишда, билим, ҳунар ҳамда ўқишда», – деб мактабда илм ҳам олишади, ҳунар ҳам ўрганишади. Юртимиз қизларини бугунги кунда ижтимоий тармоқларда турли ва антиқа чиқишлари билан машҳур бўлаётган қизлар эмас, балки менинг шогирдларим сингари ҳунар эгаллаб, эртанги кун эгалари бўлишини хоҳлардим, – дейди ҳунарманд шогирдлари ҳақида.

Гулнозахон ҚУРБОНОВА,
НДУ талабаси, амалиётчи.

About The Author