Жорий йилнинг май-июнь ойларида бутун Республика бўйлаб ўтказилган маҳалла раислари сайловлари доирасида Тошлоқ туманидаги маҳаллаларда ҳам сайлов жараёнлари муваффақиятли якунланди. Туман ҳудудида жами 51 та маҳалла фаолият юритади ва ушбу сайловларда ҳар бир маҳаллага янги раҳбарлар сайланди.
Сайлов натижаларига кўра, тумандаги 51 нафар сайланган маҳалла раисларининг 48 нафари олий маълумотли, қолган 3 нафари эса ўрта-махсус маълумотга эга. Бу, албатта, маҳаллаларни бошқаришда билим ва савиянинг аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.

Янги сайланган раислар орасида 8 нафар аёллар ҳам мавжуд бўлиб, бу маҳаллаларда хотин-қизлар фаоллигининг ортганини намоён этмоқда. Шунингдек, 19 нафар раис биринчи маротаба ушбу масъулиятли вазифага сайланди. Бу эса маҳаллий бошқарув тизимига янги фикр ва янгича ёндашувларга эга раҳбарлар қўшилаётганидан далолат беради.
Бугун туман ҳокимлигида янги сайланган маҳалла раисларига тантанали равишда хизмат гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари топширилди. Тадбирда Тошлоқ тумани ҳокимининг ўринбосари Э. Мадаминов, Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси Тошлоқ туман бўлими раҳбари А. Тожиумаров, шунингдек, туман Нуроний жамғармаси раиси Ў. Каримовлар иштирок этиб, янги сайланган раисларни табриклашди.
Чиқишлар давомида маҳалла институтининг жамиятдаги роли, унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишдаги аҳамияти, шунингдек, раислар зиммасида турган масъулият ҳақида алоҳида таъкидланди. Янги раҳбарларга маҳаллада ҳамжиҳатликни таъминлаш, ёшлар ва кексалар билан ишлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Тадбир якунларида ҳар бир раисга хизмат гувоҳномалари ва «Маҳалла фаоли» кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди. Йиғилганлар бу янгиланиш маҳаллаларда янада самарали ишларни амалга оширишга замин яратишини қайд этдилар.

About The Author