Сайёрамиздаги энг чиройли гуллардан бири бу—атиргулдир. Ундан тайёрланган гулдастани олган аёл борки албатта табассум қилади. Бу гулларни парваришлаш эса гулчидан билим ва тажриба талаб этади.
Сойбўйи маҳалла фуқаролар йиғинида Президентимиз томонидан аҳоли ва ёшлар бандлигини таъминлаш йўналишида 20 сотихдан берилган ер майдонларида бир маҳсулот бир контур асосида кооператив ташкил этилган. Бу борада атиргулчиликни ривожлантириш орқали аҳолининг йилига 50-60 миллион сўмдан даромад манбаига эришиши кўзда тутилган.
Ҳудудда яшовчи Эътиборхон Тиллабоева бу имкониятдан унумли фойдаланиб оиласи учун ажратилган 20 сотихли ер майдонида атиргул парваришлашни йўлга қўйган. У гулчилик соҳасига илк бор қўл ураётгани йўқ. Унинг ота-онаси тажрибали гулчилардан ҳисобланади. Бу соҳанинг сердаромадлигини англаган Э. Тиллабоева аввалига ўз хонадонидаги 15 сотихли ер майдонида атиргул экиб парваришлаган. Ажратилган ерларга ҳам мана шу жойдан кўчат тайёрлаб экиб бугунги кунда улардан яхшигина даромад олаётганлиги ҳақиқат. Гулчиликда қўли гулга айланган оила вакиллари ҳар қарич ердан оқилона фойдаланади. Атиргул ҳамда турли хил мева кўчатларини етиштириб сотиш орқали ҳам қўшимча даромад оладилар.
—Атиргулларни парваришлаш ниҳоятда машақатли, лекин даромади яхши, —дейди кулиб Э. Тиллабоева. – Гулчиликдаги тажрибамни бошқаларга ҳам илиниб оиламиз учун ажратилган ер майдонларига қўшни ер эгаларига ҳам тавсия қилдим ва улар ҳам гулчиликни йўлга қўйишган. Ҳозирги пайтда 35 турдан ортиқ атиргул навлари бўй кўрсатиб турибди. Етиштирган атиргулларимизни май ойининг бошларидан то кузгача узиб олишимиз мумкин. Шу кунгача 10 миллион сўмдан ортиқ илк даромадимизни олдик,—дейди Э. Тиллабоева.
Гулларни гуркираши, чирой очиши учун катта меҳнат, парвариш талаб этилади. Оила вакиллари ўзлари меҳнат қилиш баробарида 20 дан ортиқ хотин-қизларни ҳам мавсумий иш билан таъминлашади.
М. Эгамбердиева,
А. Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 1-босқич талабаси.

About The Author