Туманимиз ҳудудида ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирларни янада кучайтириш мақсадида ҳукумат комиссиясининг тегишли баёнига асосан шу йил биринчи июль кунидан биринчи август кунига қадар ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича долзарб 30 кун тадбирлари бошланди. Ушбу долзарб 30 кун тадбирларини ўтказишдан асосий мақсадимиз ёнғинларни олдини олишга қаратилган тарғибот ва аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш, ёнғин хавфсизлиги бўйича аҳоли саводхонлигини оширишдан иборат.
Ушбу тадбирларни ўтказиш жараёнида нафақат фавқулодда вазиятлар бўлимининг ходимлари, балки барча корхона ва ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик билан биргаликда бозор ва савдо мажмуаларида, аҳоли яшаш хонадонлари, кўп қаватли уйлар, корхона ва ташкилотлар, ёзги дам олиш ва соғломлаштириш масканлари, маҳаллаларда, энг асосийси, одамлар оммавий тўпланадиган обьектларда кенг жамоатчиликни қамраган ҳолда семинарлар, маҳорат дарслари, учрашувлар ташкиллаш кўзда тутилган.
Ойлик доирасида ходимларимиз томонидан биринчи навбатда кондиционерлар, маиший электр жиҳозлари, табиий ҳамда суюлтирилган газдан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш юзасидан тушунтириш ишлари амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, ўтган вақт мобайнида туманимизнинг 17 та маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган жами 3500дан ортиқ аҳоли яшаш хонадонлари, 17 та давлат тасарруфидаги ва 18 та тадбиркорлик субъектларида профилактик тадбирлар амалга оширилди. Тадбир давомида жами 4 та обьектда шартли равишда ёнғин келтириб чиқарилиб, ҳодимларнинг ҳаракатланиши ва ўз мажбуриятларини қай даражада билиши баҳоланди.
Бундай тадбирлар ойлик доирасида қатъий режа-дастур асосида жойларда ўтказилиши таъминланмоқда.
Шу фурсатдан фойдаланиб туманимиз аҳолисини “Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича долзарб 30 кун” тадбирларида фаол бўлишга чорлаб қоламиз.
С. АБДУРАҲИМОВ,
туман ФВБ П ва НБ инспектори, лейтенант.