Бугунги кунда мебель жиҳозлари сотиб олмоқчи бўлсангиз турли хилдаги мебеллар танлови сизни хайрон қолдиради. Сабаби бу борада юртимизда ҳам чет элникидан қолишмайдиган мебеллар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар сафи ортиб бормоқда. Уларни қўллаб-қувватлаш, имконият ва имтиёз бериш давлатимиз эътиборида.
Уйга кўрк ва қулайлик берувчи мебеллар жуда кўп. Аммо унинг қанчалик сифатли ва бежирим бўлиши ҳунарманднинг тажрибасига, янгилик яратувчанлигига боғлиқ. Туманимизнинг Шодлик маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган ёш тадбиркор Шуҳратжон Комилов мебель ишлаб чиқариш сирларини пухта эгаллаган, ўз услубига эга ҳунармандлардан. У асосан буюртма орқали барча турдаги мебель жиҳозларини замонавий, бир-бирини такрорламайдиган қилиб ясаб беришга интилади.
—Ишлаб чиқариш устахонамизда асосан оилавий меҳнат қиламиз. Отам, онам ва укам ҳам менга кўмакчи. Бундан ташқари 4 нафар ёшларни иш билан таъминлаганмиз. Уларга иш кўламига қараб маош берилади. Бу соҳадан оиламизни ўртача ойлик даромади 30-40 миллион сўмни ташкил қилади,—дейди тадбиркор Ш. Комилов.
Тадбиркорга асосан Фарғона вилояти бўйлаб буюртмалар келади. Унинг шу кунгача бажарган энг қиммат ва бежирим ишлари ҳақида сўраганимизда у 10 минг долларлик буюртмаси ҳақида гапирди. Бундан кўриниб турибдики ҳунарманднинг қўли гул, янгилик яратиб изла-нувчанлиги орқали ҳар қандай диди нозик буюртмачиларнинг ҳам талабини бажара олади.
—Иш қуролинг соз бўлса машаққатинг оз бўлур. Бу борада тадбиркорга кўмак бериш учун ўтган йили 33 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилган. Бунинг эвазига қўшимча ускуналар сотиб олиб ўрнатган ҳунарманднинг ишлаб чиқариш сифати ортиб иш кўлами кенгайган,—дейди ҳудуд ҳоким ёрдамчиси Дилшоджон Бойматов.
Шоҳистахон РАҲИМОВА.