Замонавий тиббиётни ахборот технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис кейинги пайтларда соҳани рақамлаштириш, даволаш-профилактика муассасалари фаолиятига электрон тизимларни кенг жорий этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Бу орқали аҳолига тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, соҳани янада такомиллаштириш, тиббиёт ходимлари ва беморлар учун қулай шарт-шароит яратиш мақсад қилинган.
Соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш ва ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш, бошқарув жараёнидаги ортиқча тартиб-
тамойилларни қисқартириш,
аҳолига хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, тиббиёт ходимларининг иш самарадорлигини таъминлашда қабул қилинган рақамли трансформация қилиш дастурлари самарали амалга оширилмоқда. Бугунги кунда аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам хизматлари электрон тизим орқали амалга оширилмоқда. Бу тизимда беморга сифатли ва аниқ тиббий ёрдам кўрсатишда ЖШШИР рақами катта аҳамиятга эга.
Ҳозирча беморни аниқ таниб олиш (идентификация) учун бемордан ЖШШИР сўралади. ЖШШИР нима ўзи? ЖШШИР (русча: ПИНФЛ) – жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами бўлиб у 14 та рақамдан иборат ва ўзгартирилиши мумкин эмас.
Бу рақам паспортда кўрсатилган ва жинс индексини, туғилган санани, шаҳар кодини, фуқаронинг серия рақамини кўрсатади, шунингдек, назорат рақамини ўз ичига олади. Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнлари туфайли шу рақам орқали шифокор бемор ҳақидаги маълумотларни – аввалги касалликлари, қабул қилган дорилари, аллергияси ва бошқаларни электрон базадан кўриш имкониятига эга бўляпти. Бу орқали шифокорлар томонидан тезкор ва хавфсиз тиббий қарорлар қабул қилинади.
Д-МЕД тизими орқали тез тиббий ёрдамга мурожаат қилган беморларнинг маълумотлари сақланади ва назорат қилинади. Тез тиббий ёрдам қайси кунда, қаерда ва нима сабаб билан чақирилгани электрон тарзда сақланиб боради. Шунингдек тез тиббий ёрдам бўлимида беморга кўрсатилган тиббий хизматлар Д-МЕД тизими орқали бемор рўйхатда турган поликлиникадаги оилавий шифокорга маълумот сифатида автоматик тарзда сифатли ва тезкор етказилади. Натижада оилавий шифокор беморни кузатувга олади.
Сиз тез тиббий ёрдамга мурожаат қилганингизда сиздан ЖШШИР сўралганда, бу сизга ёрдам беришни осонлаштириш учун эканини унутманг. Бу рақам сизнинг шахсий маълумотларингизни ҳимоя қилган ҳолда, фақат тиббий хизмат мақсадида ишлатилади.

Дилноза Ибрагимова,
туман тез тиббий ёрдам станцияси бош ҳамшираси.

About The Author