Соғлом ҳаёт – ҳар бир инсоннинг энг катта бойлиги. Афсуски баъзи касалликлар борки, улар жуда юқувчанлиги ва хавфли оқибатлари билан ҳаётимизга таҳдид солади. Ана шундай касалликлардан бири – безгак.
Безгак – юқумли, хавфли касаллик бўлиб, уни плазмодий деб аталувчи майда паразитлар қўзғатади. Уларни фақат микроскоп ёрдамида кўриш мумкин. Касаллик соғлом одамга анофелес турига мансуб чивин чақиши орқали юқади. Ҳозирги кунда безгак асосан Тожикистон, Африка ва Осиёнинг иссиқ иқлимли мамлакатларида кенг тарқалган бўлиб, ушбу давлатларга бориб қайтганлар ўзи ва яқинлари саломатлиги учун албатта шифокорга мурожаат қилиши лозим.
Безгак оғир шамоллашга ўхшаш белгилари билан бошланади:Масалан беморда юқори ҳарорат, бош ва бўғим оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши, йўтал кузатилиши мумкин. Бироқ безгакнинг асосий белгиси – ҳар 3-4 кунда такрорланувчи тана титроғи, ҳарорат кўтарилиши ва терлаб уйқуга кетиш билан намоён бўлади. Шу билан бирга, жигар ва қораталоқ катталашиши, камқонлик кузатилади. Касалликни олдини олиш учун бир қанча самарали ҳимоя чоралари мавжуд: Жумладан деразаларга махсус тўрлар ўрнатиш, чивинлардан ҳимояловчи пашшахоналар қўйиш, тананинг очиқ жойларига чивинларга қарши крем суртиш, чивинни қўрқитувчи пластинкалардан фойдаланиш, турғун сувларнинг йиғилиб қолишига йўл қўймаслик. Энг муҳим қадам – вақтида шифокорга мурожаат!
Агар юқори ҳарорат ва титроқ билан боғлиқ ҳолатлар сезсангиз, ёки сўнгги 3 йил ичида безгак тарқалган мамлакатларда бўлган бўлсангиз участка шифокорига мурожаат қилинг. Қонда безгак паразити аниқланса, зудлик билан даволаш бошланиши керак.
Ҳозирги кунда безгакни даволаш учун самарали дори воситалари мавжуд. Энг муҳими – вақтни ўтказиб юбормаслик! Безгак – олдини олиш мумкин бўлган касаллик. Шундай экан, огоҳлик, ҳимоя, вақтида мурожаат – сизни ва яқинларингизни муҳофаза қилишнинг энг ишончли йўлидир!

У. АБДУРАЕМОВ,
З. ҚУРБОНОВА,
туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими мутахассислари.

About The Author