Туман марказидаги Ҳунармандлар марказида фаолият юритиб келаётган “UzNUR LORD TEXTELE” масъулияти чекланган жамиятида бугунги кунда 50 нафарга яқин хотин-қизлар доимий иш билан банд бўлиб, корхонада эркаклар футболкалари ва ички кийимлари тайёрланади. Маҳсулотлар асосан ташқи бозорга ҳозирги кунда Россия Федерацияси ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилиб келинмоқда. Корхона ишчилари бугунги кунда бир ойда 20-30 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариб, буюртмаларни вақтида етказиб бермоқдалар.
Корхона ишчиларининг ҳаммаси ҳам уста тикувчилар эмас. Ишлаш ниятида, лекин ҳунари бўлмаган аёл-қизлар ҳам ишга қабул қилиниб ҳунарнинг сир-асрорлари уста-шогирд анъаналари асосида мутахассислар томонидан ўргатилиб келинаётир. Ойликлар ишбай усулида тўланиб бир ойда 1 ярим миллиондан 2 ярим миллион сўмгача иш ҳаққига эга бўлишмоқда.
– Корхонамиз ишчилари учун имкон қадар барча шарт-шароитларни яратиб беряпмиз, – дейди, корхона раҳбари Ҳуршиджон Мирзараҳимов. – Ойликлар ўз вақтида берилиши билан бирга йўл ҳақи ва тушлик пуллари ҳам тўлаб берилади. Энг асосийси ходимларимизнинг ойлик иш хақидан даромад солиғи учун олинадиган маблағларни корхона хисобидан тўлаб берамиз.
Бугунга қадар корхонада 600 нафардан зиёд аёл-қизлар ҳунар ўрганиб ҳозирда ўзлари мустақил равишда ишлаш имкониятига эга бўлдилар. Ишлаб чиқариш салоҳиятининг юқори, махсулотларнинг сифатли бўлиши ҳар жихатдан ходимларнинг фаолияти ва ўз ишини қай даражада масъулият билан бажаришига боғлиқ. Бу борада ишчилардан Одинахон Усувалиева, Ҳовахон Ўринбоева, Мухлисахон Тўхтасиновалар, бичувчилардан Нусратилло Нусратуллаев ва Оҳунжон Расуловларлар корхона ишчиларига ўрнак бўлиб келишаётир. Бунинг эвазига эса бир ойда корхона 20 миллон сўмгача соф даромадга эга бўлябди.
– Трикотаж маҳсулотларига жаҳон бозорида талаб ва эҳтиёж катта эканлиги боис келажакда иш ўрнини 150 тага етказиб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш эвазига экспорт географиясини кенгайтириш ниятидамиз. Шу мақсадда Европа ва МДҲ давлатларига ҳам экспортни йўлга қўйиш ҳаракатидамиз, – дейди Х. Мирзараҳимов.
Ҳуснидахон ЯКУБОВА,
“Тошлоқ тонги” мухбири.

About The Author