Чек маҳалласидаги номдор фермер хўжаликларидан бири бўлган “Мадумар Раҳмон Карим Файз” фермер хўжалиги нафақат туманимизда, балки вилоятда ҳам ўз ўрнига эга хўжаликлардан. Унинг пахта-ғаллачиликдаги ютуқлари ҳақиқатан мақтовга арзигулик.
2007 йилда 62 гектар майдонда фермер хўжалигини ташкил қилиб иш бошлаган Исмоилжон ака Абдураҳмонов далалари бугунги кунга келиб 100 гектардан ошди. Пахта-ғаллачиликдан ташқари 5 гектар майдонда ташкил этилган боғда олма, ўрик, бодом, олхўри каби мевали дарахтлар ҳосил беришни бошлади. Унга ёндош ҳудуднинг 8 гектарида ташкилланган теракзорларга экилган 9000 тупдан зиёд терак бугун бўй кўрсатиб, кўрган кишининг кўзини қувнатадиган бўлди. Шунингдек ипак қуртларини парваришлаш учун ташкилланган 2 гектарлик тут плантацияси ҳам фермер хўжалигини ипакчиликда олдингилар қаторида бўлишини таъминламоқда.
– Ўтган йили боғдорчиликдан илк ҳосилимизни олиб 200 киллограм бодом, 2 тонна олма ва 3 тонна ўрик ҳосилини ички бозорга олиб чиқдик, – дейди мамнуният билан фермер И. Абдураҳмонов. Эндиги оладиган ҳосилимиз янада юқори бўлиши учун ҳаракатдамиз. Келажакда эса меваларни хорижга экспорт қилиш ниятидамиз.
Фермер хўжалигининг асосий тармоғи бўлган пахта-ғаллачиликда ҳам қўлга киритилган ютуқлар талайгина. Хусусан 40 гектар майдонда бўй кўрсатган ғалла ҳосили давлат хирмонига топширилган 200 тоннадан ташқари яна 120 тонна фермер хўжалиги ишчи-ходимлари ва келгуси йил уруғ заҳираси учун қолгани қувонарли ҳол. Бундай натижалар тинимсиз қилинган меҳнат ва захматнинг тотли мевасидир.
Жорий йилда 45 гетар майдонга экилган чигит деҳқон меҳнатининг самарасини кўрсатадиган паллага келди. Фермер ерга пахта уруғини қадаган маҳалдан бошлаб кун санайди. Умид билан қадаган уруғни тўла-тўкис ундириб олгунича озмунча тер тўкадими, меҳнат қиладими? Керакли агротехник тадбирларни амалга ошириш, туну кун қилинган машаққатли меҳнат меваси нақадар тотли экани ҳосил пишиб етилиб, ўз вақтида териб-йиғиб олиниб, хирмонга тўкилган дамда, асосийси белгиланган режалар ошириб уддаланганидан кейингина англаб етилади.
– Айни дамда пахтадан мўл ҳосил йиғиштириб олиш палласида турибмиз. Жорий йилда 225 тонна “оқ олтин” етиштириш учун шартнома тузганмиз,- дейди И. Абдураҳмонов.
Бугун фермер далаларида бўлган кишининг кўзи қувнайди. Боиси ўз вақтида қилинган агротехник тадбирлар натижаси ўлароқ кўсакларга кўсак қўшилиб пахта кўнгилдагидек ҳосил берди. Бу ишлар ўз-ўзидан бўлмайди албатта. Мўл ҳосил олишда фермер хўжалигининг механизаторлари Адҳамжон Барзиев, Жалолиддин Ражапов, сувчилардан Музаффаржон Абдураҳмонов, Шавкатжон Ҳалимов каби фидойиларининг меҳнатлари беқиёсдир. Хўжаликда улар каби 17 нафар доимий ишчиларга пахта терими мавсумида яна 100 нафарга яқин ёрдамчи ишчилар жалб қилиниб уларга иш ҳақи ва тушликлар вақтида бериб борилади.
Яна тўқсонбости экинларини экишда ҳам фермер хўжалиги туманда илғорлар қаторида. Буғдойдан бўшаган ерларга маккасилос, маккадон ҳамда сабзи, туруп, шолғом каби сабзавотлар экилиб ички бозорларимизга етказиб бериляпти.
Бу каби меҳнатлар албатта самарасиз қолмади. 2022 йил фермер Исмоилжон Абдураҳмонов учун бутун умрга эсда қоларли йил бўлди. Боиси шу йил пахта-ғалла хосилини режадан ошириб бажарганлиги учун уни шахсан Давлатимиз раҳбарининг ўзи “Дўстлик” ордени билан тақдирлади. Бу эса фермерга янада шижоат ва ғайрат бағишлаб, келажак учун катта режалар ва юксак марралар сари туртки бўлмоқда. Фермернинг бу каби ютуқлари ўғли Жаҳонгир Зойиров ва набираларини ота изидан бориб унинг ишларини давом эттириб янада ривожлантиришга ундамоқда.

About The Author