ҲАМ ДАРОМАД ҲАМ ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ
Ҳунар инсонни улуғлайди, рўзғори бут бўлишини таъминлайди. Ҳунарманд киши жамиятда ўз ўрнини топиш билан бирга шогирдларни ҳам ҳунарли қилиб манфаатдор бўлишларига сабабчи бўлади.
Сойбўйи маҳалла фуқаролар йиғинида ҳунар ортидан ҳурмат қозониб оиласи тўкинчилигини таъминлаб келаётганлар кўпчиликни ташкил қилади. Улар қаторида Ҳайрулло Маматов ўз ҳунари билан танилганлардан. Ҳунарманд ака-укалари Насибилло ва Сайдуллолар билан биргаликда меҳнат қилиш баробарида 4 нафар шогирдларини ҳам ҳунарга ўргатиб келмоқда.
Х. Маматов ўз хонадонида оилавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Бу жойда ташқи ва ички безаклар учун гипсдан турли хил маҳсулотлар тайёрланади.
-Уч ака-укалар ҳунаримиз билан оиламиз тўкинчилиги йўлида меҳнатдамиз. Асосан гипс маҳсулотларини ишлаб чиқарамиз. Усталар томонидан берилган буюртмаларни тайёрлаш баробарида ўзимизнинг ҳам хусусий дўконимиз учун турли хил безак маҳсулотларини тайёрламоқдамиз,-дейди Х. Маматов.
Ишлаб чиқариш жараёнида кунига 40-50 қоп гипс маҳсулотидан тайёр безаклар тайёрланади. Асосан қўл меҳнати талаб қилинадиган ҳунардан шунга яраша даромад топилмоқда.
-Ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришни мақсад қилган Хайрулло Маматовга ўтган йили 18 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиб берилди. Бунинг эвазига ҳозирги кунда ишлаб чиқариш ҳажми янада кенгайган. Бундан ташқари туман саноат зонаси ҳудудидан 14 сотих жой ажратилган бўлиб ҳозирги кунда ҳунарманд қурилиш ишларини якунламоқда. Келгусида бу жойда ишлаб чиқариш кўламини ошириш ҳисобига яна ўн нафар ишчи ўрни яратиш имконияти яратилади,-дейди ҳудуд ҳо-ким ёрдамчиси Шерзоджон Мамасаидов.
Шоҳистахон Рахимова.